Миллий маданий марказлар билан қандай фаолият олиб борилмоқда?

267

Миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш юрт тинчлиги ва осойишталигида муҳим ўрин тутади. Бу борада мамлакатимизда миллатлараро дўстлик муҳити ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мамлакатимиздаги 157 та миллий маданий марказ, хориждаги 98 та ватандошлар жамияти билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Мамлакат ҳудудида яшовчи турли миллат ва элатларнинг маданияти, тили, урф-одати ва анъаналарини сақлаб қолиш, ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Дўстлик уйлари” ташкил этилди, миллий маданий марказлар фаолияти моддий қўллаб-қувватланди. Ўзбекистондаги миллий маданий марказлар хориждаги ватандошларнинг миллий ижодини ривожлантириш, ёшлар орасида илмий ва маданий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган турли дастурлар ва семинарлар ўтказмоқда.

Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган эшитувда айтиб ўтилди. Унда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг “Миллий маданий марказлар ва хориждаги ватандошлар билан олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Эшитувда депутатлар хориждаги ватандошлар билан боғлиқ ишлар самарадорлигини ошириш, миллий маданий марказлар билан ҳамкорлик қилиш, жаҳон миқёсида Ўзбекистоннинг маданий меросини танитиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар бердилар.

М.Комилова, ЎзА