2025 йилги ёзги Универсиадага тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди

261

2025 йил мамлакатимиз спортчиларини бир қатор йирик мусобақалар кутиб турибдики, улар орасида комплекс спорт ўйинлари алоҳида ўрин тутади.

Хўш, жорий йилнинг 16-27 июль кунлари Германиянинг Рейн-Рур шаҳрида талаба-спортчилар ўртасида ўтадиган навбатдаги XXXII ёзги Универсиада ўйинларида мамлакатимиз вакиллари қандай таркибда иштирок этади? Кўзланган натижалар қандай? Тайёргарлик ишлари қайси тамойиллар асосида олиб борилади?

Спорт вазирлиги мутасаддилари, Ўзбекистон талабалар спорт ассоциацияси раҳбарияти, тегишли спорт федерациялари вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда ушбу масалаларга ойдинлик киритилди.

Маълумки, XXXII ёзги Универсиада ўйинлари 18 та спорт турида ташкил этилади. Унда Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларга эришган спортчилар иштирок этиши кутилмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон талаба-спортчилари XXXII ёзги Универсиада ўйинларининг 12 та спорт турида ватанимиз шарафини ҳимоя қилиши белгиланган.

Халқаро университетлар спорт федерацияси яқинда Ўзбекистон спорт делегацияси ҳам йилнинг энг муҳим спорт мусобақасида иштирок этиши юзасидан расмий таклифнома йўллади.

Йиғилишда спорт турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаблари директорлари ҳамда тегишли спорт турлари бўйича федерация ва ассоциация бош котиблари иштирок этиб, мусобақаларга тайёргарлик  кўриш ҳамда Ўзбекистон спорт делегациясининг муносиб иштирокини таъминлаш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шу ўринда бир гап. Бундан икки йил муқаддам Хитойнинг Чэнду шаҳрида ўтган XXXI ёзги Универсиада ўйинларида мамлакатимизнинг 70 нафар спортчиси иштирок этиб, 8 та кумуш, 6 та бронза медаллари билан умумжамоада 36-ўринни эгаллаган эди.

Бу йилги кўзланган натижалар қандай бўлади? Икки йил муқаддам қайд этилган кўрсаткичларни янгилаш учун қайси жиҳатларга эътибор қаратилади?

– Албатта, ҳар қандай мусобақанинг ўз тартиб-қоидаси, йўналиши, иштирокчи-спортчилар мундарижаси эришиладиган ютуқларга мезон ҳисобланади. Ҳеч бир комплекс ўйинларда кучсизлар бўлмаганидек, бу сафар ҳам айни ҳолат юз бериши табиий ҳол. Шу жиҳатдан, асосий эътиборни натижадорликка эришишга қаратганмиз. XXXII ёзги Универсиада ўйинлари тақвимидан ўрин олган 18 та спорт турининг барчасида қатнашиш  имкониятимиз борлигини айтган ҳолда, совринли ўринларни қўлга киритишга қодир жамоалар ва “Лос-Анжелес-2028” Олимпия ўйинларида ўз сўзини айтиш имкони бор бўлган йўналишларга эътибор қаратдик. Мақсадимиз, “Чэнду-2023” Универсиадасидаги қайд этилган сонларни сифат кўрсаткичида янгилаш, – дейди Ўзбекистон талабалар спорт ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Эркин Қодиров.

Билдирилган фикр ва таклифлар инобатга олиниб, йиғилишда ҳар бир йўналиш масъулларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Т.Рўзиев,  

ЎзА