Янги қурилаётган кўп қаватли уйлар босқичма-босқич “яшил энергия” уйларига айлантирилади

165

Жорий йилда 120 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисоб-китоб қилинган.

Бунга қўшимча 15 минг хонадон Янги Тошкентда барпо қилинади ва бу уйларда “яшил” энергиядан фойдаланилади.

Энергия барқарорлигини таъминлаш учун хусусий шериклик асосида 100 мегаватт-соат сиғимли электр сақлаш қуввати ўрнатилади.

Янги Тошкентдаги уйларни иситиш ва совутиш марказлашган тригенерация тизими орқали бўлади.

Барча бино-иншоотларга юқори энергия самарадорлик талаблари жорий қилинади. Транспорт, ёритиш тизимлари ва зарядлаш станциялари фақат “яшил” талаблар асосида бўлади.

Давлатимиз раҳбари умуман барча ҳудудларда янги қурилаётган кўп қаватли уйларни босқичма-босқич “яшил энергия” уйларига айлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Буни рағбатлантириш мақсадида қуриладиган уй-жойни энергия билан таъминлаш учун қуёш электр станциялари билан шартнома тузган девелоперларга бундай уйлар учун фойда солиғи олинмайди, кредит ставкаси 2 фоиз арзон қилиб берилади.

Натижада девелопернинг харажати камаяди, ундан уй олган одамларга эса электр арзонроқ бўлади.

Бундай “яшил уйлар” қурадиган девелоперларга халқаро линиялардан маблағ жалб қилиш имкониятлари кескин ошади.

ЎзА