Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги делегацияси Малайзия Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Ҳажжа Ханифа Ҳажар Таиб билан учрашув ўтказди.

Унда Малайзиянинг барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашдаги муваффақиятли тажрибаси, ресурсларни самарали бошқариш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, ҳудудий иқтисодиётни рағбатлантириш бўйича тажрибаси батафсил муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди. Хусусан, «яшил» иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқлим ўзгаришига мослашиш стратегияларини ишлаб чиқиш ва углерод эмиссияларини қисқартириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди.

Шунингдек, технологик инновациялар  бўйича илмий-тадқиқотларни амалий иқтисодиётга татбиқ қилиш, рақамли технологияларни ривожлантириш ва технологиялар трансферини қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш, яъни меҳнат бозорининг ривожланишини инобатга олган ҳолда ёш мутахассисларни тайёрлаш борасида билим ва малака алмашиш учун семинар ва тренинглар ташкил қилиш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида мунтазам мулоқотни давом эттириш ва икки томон учун ўзаро манфаатли бўлган йўналишларда имкониятлар мунтазам ўрганиб борилишига келишиб олдилар.

Бундай ҳамкорлик Ўзбекистоннинг 2030 йилга мўлжалланган «яшил» иқтисодиёт стратегиясини амалга оширишда халқаро тажриба ва ресурслардан самарали фойдаланиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА