Қадоқларга йодланган ош тузи деб, аслида йодланмаган техник туз солинаётган ҳолатлар ҳам бор.

Сенат ялпи мажлисида Сенат қўмиталари томонидан вазирлик, идоралар, маҳаллий кенгашлар, ҳокимликлар, турли ақл марказлари, экспертлик гуруҳлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда тадбирлар, анжуманлар, ўрганишлар, таҳлиллар, муҳокамалар олиб борилаётганига эътибор қаратилди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталари ўзаро ҳамкорликда “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этилиши ҳолатини атрофлича ўрганганини қайд этди.

– Йод танқислиги кўплаб мамлакатларда бўлгани каби биз учун ҳам ўта долзарб ҳисобланади, – деди Т.Норбоева. – Табиий-иқлим шароитимиз мазкур масалага тизимли ёндашиб, мунтазам чора-тадбирлар кўриб боришни тақозо этади. Бироқ, таҳлиллар ушбу йўналишда эътиборни кучайтириш зарур бўлган жиҳатлар борлигини кўрсатмоқда. Эътибор қилинг, ўтган йилнинг тўққиз ойи натижаларига кўра, биргина ош тузи бўйича ўтказилган 263  намунадан 65 тасида ёки чорак қисмида, савдо ва умумий овқатланиш жойлари ҳамда мактаб ва боғчалардан олинган намуналарнинг эса ўрта ҳисобда ҳар учтадан биттасида – йод миқдори белгиланган талабга жавоб бермаслиги аниқланган. Қадоқларга йодланган ош тузи деб, аслида йодланмаган техник туз солинаётган ҳолатлар ҳам бор. Қўмиталаримиз мазкур долзарб масалага эътибор қаратганлари ва мутасадди тузилмаларга зарур вазифа, кўрсатмалар берганлари яхши, албатта. Бироқ, шу билан тўхтаб қолмаслик керак.

Мажлисда берилган топшириқлар ижросини доимий назорат қилиш, тизимли муаммоларни ҳал қилиш бўйича зарур таклифлар ишлаб чиқиш кераклиги таъкидланди.

Миллат саломатлиги билан боғлиқ шу каби бошқа муҳим масалаларга ҳам эътибор қаратиш зарур. Айни пайтда, Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси парламент назорати доирасида болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ҳамда аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш борасида алоҳида ўрганишлар ўтказаётгани алоҳида қайд этилди.

Норгул Абдураимова,  

ЎзА