“Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қатар Давлати Ҳукумати ўртасида икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2024 йил 15 апрель) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун билан ратификация қилиниши кутилаётган Битим 2024 йил 15 апрелда “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг иккинчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон ва Қатарнинг ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланган.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлисида шу ҳақда сўз юритилди. Битим икки давлат ўртасида узоқ муддатли, конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга, шунингдек, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга қаратилган.

Битимда таълим ва илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва маданий мерос, туризм, спорт каби муҳим соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, иқтисодиёт, бошқарув, дипломатия ва туризм соҳаларида кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш юзасидан тажриба алмашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш назарда тутилган.

Қонуннинг қабул қилиниши икки давлатнинг кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштиришга, Ўзбекистон ва Қатар ўртасида дипломатик алоқаларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга хизмат қилади.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Малайзия Ҳукумати ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2023 йил 8 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Шартномада жиноий иш бўйича тергов ҳамда бошқа процессуал ҳаракатларни ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш асослари ва шартлари кўрсатиб ўтилмоқда. Шу билан бирга, сўров шакли ва мазмуни, унинг ижросини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар тақсимоти, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни рад этиш асослари, шартнома доирасида олинган маълумот ва далиллардан фойдаланишда чекловлар белгиланмоқда.

Қонун Малайзия ҳукумати билан жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг доимий комиссиялари аъзолари, мутахассис ва экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган мажлис якунида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА