Қирғизистон – Туркия Манас университети Aдабиёт факультети доценти Эрдал Айдоғмуш томонидан “Қорақалпоқ туркларининг ота сўзлари (инжелеме-метин-актарма)” (Қорақалпоқ нақл-мақоллари. Тадқиқот-матн-таржима) китоби нашрдан чиқди.

Китобнинг кириш қисмида Қорақалпоғистон Республикаси, қорақалпоқ тили ва адабиёт ҳақида маълумот берилган. Тадқиқот бўлимида нақл-мақолларнинг мавзуси, бадиий тасвир воситалари ва гап турлари ўрин олган. Китобнинг таржима қисмида жами 1007 та қорақалпоқ нақл-мақоли турк тилига таржима қилинган.

Таъкидлаш жоизки, профессор Эрдал Айдоғмуш қорақалпоқ тилидан ташқари рус, инглиз, қирғиз, қозоқ, ўзбек, уйғур тилларини яхши эгаллаган филолог олим ҳисобланади. У Қирғизистон – Туркия Манас университетида, Aрдахон университетида, Aҳмад Яссавий Турк – Қозоқ университети Турк тили бўлимида фаолият олиб борган. 2022 йилдан бошлаб Қирғизистон –  Туркия Манас университетининг Aдабиёт факультети Туркология бўлимида фаолият юритмоқда.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири