Қиш мавсумида ҳар бир инсон учун иссиқлик таъминоти сув ва ҳаводек зарур эканини яхши биламиз. Ўз шахсий ҳовлисида яшовчи аҳоли, яшаш хоналарини ўзи иситиб олиши мумкин. Аммо кўпқаватли уйларда яшовчи одамлар бундан мустасно.

Шу сабабли баъзида уларга кўрсатилаётган иссиқлик таъминотида муаммолар учраши табиий. Айрим холларда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳам ҳақ тўлаш ҳолатлари учрайди. Ва бу ҳолат иссиқлик таъминотида узилишлар бўлса кўрсатилмаган хизмат учун қайта ҳисоб-китоб амалга ошириладими ёки йўқми деган савол туғилишига олиб келади.

Мазкур саволга Рақобат қўмитаси Бош мутахассиси Самандар Нормуродов жавоб берди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мавжуд. Мазкур қарор билан тасдиқланган Кўпқаватли уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларига асосан, истеъмолчи қонун ҳужжатларида, иссиқлик таъминоти шартномасида ёки иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган ҳолатларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатилмаганда ёки хизматлар зарур сифат ва тартибда кўрсатилмаганда жарималар, пенялар тўлашни, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддаси, 2-хатбошида сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгиланган.

Н.Раҳмонова, ЎзА