Хотин-қизлар доимий эътиборда

219

Ўтган йил мобайнида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш, оилалар мустаҳкамлиги ва фаровонлигини ошириш борасида ижобий ишлар амалга оширилди.

– Жумладан, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ролини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида бугун хотин-қизларнинг давлат бошқарувдаги улуши 17,4 фоизга етди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова. – Бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайланган 65 нафар депутатнинг 21 нафарини, шунингдек, шаҳар ва туман Кенгашларига сайланган жами 375 нафар депутатнинг 136 нафари хотин-қизлардир.

Йил давомида Қорақалпоғистон Республикасида “Соғлом оила – соғлом жамият!” шиори остида барча маҳаллаларда “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Соғлом оила – соғлом турмуш тарзи”, “Қизлар – авлод тарбиячиларидир” мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар, 222 та маҳаллада “Оила ҳуқуқи асослари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Ўтган йил мобайнида 1 минг 755 та оилавий ажрим қайд этилган бўлиб, 178 тага камайди. “Низоли оилалар билан ишлаш дафтари” асосида якка тартибда олиб борилган ишлар натижасида 119 та нотинч оилада муҳит соғломлаштирилди. Ажрим ёқасида турган оиладан 1 минг 123 таси яраштирилди. Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида меморандум имзоланган.

Фаолият давомида хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, даволанишга ва жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлган 1 минг 175 нафар хотин-қиз ва вояга етмаган боланинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилнинг шу кунига қадар 1 минг 175 нафар хотин-қиз ва вояга етмаган бола соғломлаштирилди. Шундан 42 нафарига Ўзбекистон Республикаси оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағларидан молиялаштириш орқали  ҳамда 1 минг 133 нафарига Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги касалхоналарда бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Бундан ташқари хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 17 минг нафар хотин-қиз доимий ишга жойлаштирилиб, 5 минг 226 нафари жамоат ишларига жалб қилинди. Шунингдек 10 минг 703 нафар хотин-қиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларда, 4 минг 9 нафари Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида, 2 минг 384 нафари Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди.

Шунингдек, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан 3 минг 61 нафар хотин-қизга 17 миллиард 479 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилди. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида 1 минг 538 нафар хотин-қиз ҳунармандчиликка жалб қилинди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва кенгайтириш истагида бўлган 18 минг 902 нафар хотин-қизга 254 миллиард 803 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди.

Жойларда ўтказилган сайёр қабуллар ва “Аёллар дафтари” доирасида қарийб 8,7 мингта оилага 8,1 миллиард сўмлик давлат кўмаги берилди. Хотин-қизларга оид давлат сиёсати доирасида белгиланган вазифалар бўйича ўтган йил давомида Қорақалпоғистон Республикасида 57  минг 16 нафар хотин-қиз дафтарга киритилиб, улардан 56 минг 634 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 32 минг 820 нафар ишсиз хотин-қизнинг банд¬лиги таъминланди. 8 минг 380 нафари ўқитилиб, уларга молиявий кўмак берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга керакли ёрдамлар кўрсатилишига кўмаклашилди. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронлиги бор бўлган 3 минг 458 нафар хотин-қиз ҳамда 18 ёшгача бўлган бола реабилитация ва протез-ортопедия воситалари билан таъминланди. 1 минг 267 нафар хотин-қизни тиббиёт ва санаторийларга жойлаштиришга кўмаклашилди.

Бугунги кунга қадар оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган жами 391 нафар хотин-қиз ҳомийлар томонидан ижтимоий уй-жой билан таъминланди. Шундан 16 нафарига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 3032 йил 25 октябрдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида, 23 нафарига Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида берилиб, 33 нафари ижтимоий уйларга ҳамда 29 нафари ҳомийлар томонидан олиб берилган уй-жойга жойлаштирилди.

Қорақалпоғистон  Республикасида 2024 йил мобайнида 3 минг 253 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қиз давлат ҳимоясига олинди. Олиб борилган профилактика ишлари натижасида 1 минг 589 та оила яраштирилди, 1 минг 311 та низо бартараф этилди. Шунингдек, ҳимоя ордери берилган 102 нафар хотин-қиз “Хотин-қизларни реабилитация  қилиш ва мослаштириш маркази”га жойлаштирилиб, уларга ҳуқуқий, ташкилий, психологик ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатилди.

2025 йил Оролбўйи хотин-қизлари ҳаётида катта қувонч билан бошланди. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан Янги йил байрами арафасида ўтказилган “Йил аёли” миллий танловининг Республика босқичида Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий маҳорат мактаби мураббий-ўқитувчиси Нигора Полвонова Гран-при соҳиби бўлиб, Президент совғаси – автомобиль билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА