Мурожаатлар ўрганилиб ечимлар топилмоқда

171

Президентимиз топшириғи билан Қорақалпоғистон Республикасида фуқаролар муаммоларини ўрганиш ва ечимини топиш бўйича республика ишчи гуруҳи тузилиб, бу борада жойларда сайёр қабулларни ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланган эди.

Беруний туманида Амударё, Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларидан келган фуқаролар учун республика сектор ҳамда вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан мурожаатлар ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш бўйича сайёр қабул ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар, Адлия, Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликлари, Марказий банк, Божхона бошқармаси, Солиқ қўмитаси, Кадастр агентлиги ва бошқа идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Қабулда суд-ҳуқуқ тизимига оид мурожаатлар, тиббий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, таълим, бандлик, маҳаллалардаги инфратузилма, банк кредитлари ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан мурожаатлар кўриб чиқилди.

Сайёр қабулда 219 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан, 78 таси суд тизимига тегишли. Улардан 38 та масала жиноят, 5 та маъмурий, 30 та фуқаролик, 5 та масала иқтисодий судловга оид бўлди. Оғзаки ва ёзма равишда мурожаатлар қабул қилинган тадбир давомида 39 нафар мурожаат эгасига ҳуқуқий тушунтириш берилди. 3 та ишбилармонлик субъектига суд қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби тушунтирилди.

Фуқаролар томонидан билдирилган аксарият мурожаатларга жойида ечим топиш чоралари кўрилди. Вақт талаб этиладиган мурожаатлар ижроси назоратга олиниб, ижобий ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўриш белгиланди.

Республика ишчи гуруҳ томонидан сайёр қабул Чимбой, Қонликўл туманларида, Нукус шаҳрида ҳам бўлиб ўтади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири