Ҳудудларнинг экологик барқарорлиги таъминланади (+видео)

Бугунги кунда шаҳарларда саноат корхоналари углеводород ёқилғиларини ёқишдан ташқари, экологик хавфли маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали ҳам атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, 2023 йилда ифлослантирилиш даражаси бўйича ташламаларнинг умумий миқдори 1,8 миллион тоннани ташкил қилиб, шундан 1 миллион тоннаси (57 фоиз) транспорт воситалари ҳамда 800 минг тоннаси (43 фоиз) саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳиссасига тўғри келган. Ўтган йиллар давомида республикада 7 минг 36 та ишлаб чиқариш корхонасида 125,6 миллион тонна саноат чиқиндилари ҳосил бўлган.
Бундан ташқари, иқтисодиёт тармоқларида кўмирдан ва куз-қиш мавсумида аҳолига марказлашган иссиқлик етказиб беришда мазутдан фойдаланиш ҳажми ошган. Маълумот учун, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш 11 миллион тоннага етган. Сўнгги 2 йил мобайнида мазутдан фойдаланиш деярли 5 баробарга ортган. Натижада аҳоли ўртасида турли хил сурункали касалликлар, жумладан, астма, аллергия, ўпка бронхити ва бошқа касалликлар келиб чиқмоқда.
Қайд этиш лозимки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳасида Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида янги саноат корхоналари фаолиятини тақиқлаш ва мавжудларини шаҳар ташқарисига кўчириш бўйича таклиф киритилган.
2025 йил 1 майдан бошлаб асбест, цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар, тери-кўнчилик, паррандачилик фабрикалари, самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмир ёқиш, қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган ойна, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш ҳамда хавфлилик даражасининг I ва II синфига мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари йўналишларида янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади.
Шунингдек, 2025 йил 1 майдан юқорида таъкидланган фаолият турларига мансуб бўлган янги лойиҳаларни давлат экологик экспертизасидан ўтказиш ман этилади. Қолаверса, 2025 йил 1 октябрга қадар атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган объектларни ҳамда энергия сиғими юқори бўлган йўналишлардаги мавжуд қувватларни босқичма-босқич кўчириш бўйича асослантирилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш ҳам кўзда тутилган.
Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган янги лойиҳалар тақиқланиши ва ҳозирда мавжуд 168 та саноат корхоналари босқичма-босқич четга чиқарилиши натижасида ҳудудларнинг экологик барқарорлиги таъминланади.
Саноат корхоналари кўчириб келинган ҳудудларда янги иш ўринлари ва инфратузилма объектлари (йўл, электр, газ ва сув таъминоти) барпо этилади. Самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмаган корхоналар фаолияти тақиқланиши натижасида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташламалар миқдори қисқаради. Шу билан бирга, энергия манбаи сифатида кўмирдан фойдаланадиган барча корхоналарда чанг ва газни тозалаш иншоотларини ўрнатиш, саноат чиқиндиларини қайта ишлаш дастурларини яратиш ва улардан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун фойдаланиш, парранда фабрикалари учун биоэнергетика технологияларини ҳамда тери ишлаб чиқариш заводлари учун оқова сувларни тозалаш тизимларини жорий этиш белгиланган.
Давлат экологик экспертизаси маркази бош директори маслаҳатчиси Ислом Хушвақтов мазкур таклиф юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА