
Бангкокда ташкил этилган 30-Таиланд халқаро сайёҳлик ярмаркасида мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди.
Ярмаркада 600 га яқин компания, жумладан, халқаро ва маҳаллий авиакомпаниялар, сайёҳлик агентликлари ва меҳмонхона хизматлари вакиллари иштирок этди. Тадбир тўрт кун давомида “Таиланд бўйлаб саёҳат қилинг” шиори остида қарийб 300 мингга яқин меҳмонларни ўзига жалб қилди.
Ўзбекистон стендида тарихий ёдгорликлар, миллий либослар ва ноёб меъморчилик анъаналари акс этган маданий меросга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, гастрономик ва экологик туризм ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбек миллий либослари ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди ва уларнинг кўпчилиги ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон маданияти ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, таассуротлари билан ўртоқлашди.
Таиланд сайёҳлик агентликлари уюшмаси вице-президенти Ситтичай Удомкиттанакул ярмаркадаги фаол иштирок учун Ўзбекистон вакилларига миннатдорчилик билдирди. У мазкур тадбир таиландликларга Ўзбекистон билан яқиндан танишиш имконини берганини таъкидлади.
Қайд этиш жоиз, мамлакатимизнинг халқаро ярмаркадаги иштироки Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва маданий меросини тобора ривожланиб бораётган Осиё бозорида илгари суриш стратегиясининг муҳим бир қисми ҳисобланади.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА