Жером Бойе: Саъй-ҳаракатимиз яшил ечим бўйича глобал мақсадга мос

“Alstom” компанияси минтақамиз эҳтиёжига мослаштирилган барқарор темир йўл транспорти тизимини шакллантириш йўлидаги фаолиятини кенгайтирмоқда. Бу ҳақда корхонанинг Ғарбий ва Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Жером Бойе маълум қилди:

– Ҳамкорлигимиз доираси Ўзбекистон ва Туркманистон ҳисобига кенгайиши мижозларимиз қўллаб-қувватлови ҳамда инфратузилмани ривожлантириш эҳтиёжидан келиб чиқади. “Alstom” барқарор темир йўл ечимларига доим содиқ. Барқарорликка йўналтирилган стратегиямизнинг асоси ҳисобланган компания электровозлари бугунги кундаги мавжуд транспорт ечимлари орасида энг кам углерод миқдорига эга. Қозоғистон ва Озарбайжонда ҳаракатланаётган локомотивларимиз ҳар бир тоннадан километрига атиги 7,0 г. CО2 чиқинди кўрсаткичи билан юқори экологик хусусият намойиш этди.
Хуллас, яшил ечим бўйича глобал эҳтиёжга мос келадиган саъй-ҳаракатларимиз Марказий Осиё транспорт инфратузилмасини атроф-муҳитга имкон даражасидаги энг кам салбий таъсир асосида модернизация қилиш мақсадини қўллаб-қувватлайди.
Маҳаллий бозорларнинг ўзига хос хусусиятини инобатга олган ҳолда, биз ёндашувимизни мослаштириб, талаб юқори ҳудудларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари яратиш имкониятини кўриб чиқамиз.
Биз киритаётган инвестиция минтақавий ривожланиш мақсадлари билан уйғунлашиши муҳим. Асосий эътиборни шунга қаратамиз.
1928 йил ташкил этилган, темир йўл транспорти тизимига ихтисослашган “Alstom” муҳандислик-ишлаб чиқариш компанияси соҳада дунё етакчиларидан бири саналади. Бош қароргоҳи Франция пойтахти Париж четидаги Сент-Уэн-сюр-Сен ҳудудида жойлашган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА