Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) молиявий институтлар бўйича бошқарувчи директори Франсис Малиж бошчилигидаги делегация вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар ўзар ҳамкорлик натижалари ва галдаги режалар хусусида сўз юритди. Хусусан, унда ўтган даврда ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар ва уларнинг натижалари, келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари, шунингдек, Ўзбекистонда иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий фаровонликни оширишга қаратилган устувор ташаббуслар муҳокамасига эътибор қаратилди.

Мулоқот чоғида давлат иштирокидаги банкларни хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, давлат корхоналарини ривожлантириш ва трансформация қилиш каби йўналишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, таълим соҳасида мактаблар ва талабалар ётоқхоналарини ташкил этиш лойиҳалари, давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган ташаббуслар ҳақида фикр алмашилди.

“Яшил” ўсишни таъминлаш, жумладан, энергия самарадорлигини ошириш ва “яшил” технологияларни кенг жорий этиш, кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш ва янада қўллаб-қувватлаш, хусусан, аёллар ва ёш тадбиркорлар учун молиявий хизматларнинг қулайлигини ошириш масалалари ҳам томонлар диққат-эътиборида бўлди.

Музокараларда иссиқлик таъминоти, “яшил” ва инновацион технологиялар, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА