Швейцариянинг «Tecan» компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди

204

Фармацевтика соҳасининг асосий устунларидан бири лабораториялар ҳисобланади. Улар дори воситаларининг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашда, шунингдек инновацион ривожланишда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, илмий-тадқиқот салоҳиятини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Швейцариянинг «Tecan» компанияси вакиллари билан учрашди.

Учрашувда мазкур компания Марказий Осиё бўйича «Zalma» корхонаси вакиллари билан R&D лабораториясини жиҳозлаш, лабораториялар концепциясини ўрганиш ва концепцияга қайси лабораториялар киритилиши масалалари муҳокама қилинди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, компания вакиллари R&D лабораториялари учун ускуналари ва маҳсулотлар тақдимоти ўтказди. Томонлар келгусида мутахассисларни жалб қилиб, видео-конференц алоқа орқали учрашув ўтказиш ва ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА