Давлат тиббий суғуртасининг жорий этилиши соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади

Муносабат
Соғлиқни сақлаш соҳаси – мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир этувчи асосий омиллардан биридир.
Шу боис, кейинги йилларда соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, охирги етти йилда соғлиқни сақлаш соҳасига давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар сезиларли даражада оширилди. Биргина 2025 йилнинг ўзида давлат бюджетидан соҳага 2024 йилга нисбатан 6,8 триллион сўм ёки 20 фоиз кўп маблағ йўналтирилиши белгиланди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат дастурларини молиялаштириш учун 2025 йилда 2,8 триллион сўм, яъни, 2024 йилгидан 19 фоизга кўп маблағ ажратилди.
Албатта, қайси соҳа ва тармоқ бўлмасин унда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларда ажратилган маблағларнинг ўрни муҳим. Аммо, тиббиёт соҳасида ана ўша ажартилган маблағлар манзиллигини таъминлаш, касалликларни эрта аниқлаш орқали ортиқча сарф-харажатнинг олдини олиш янада муҳим саналади.
Яъни, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликни эрта аниқлаш ва даволашда бирламчи бўғин жуда муҳим. Шунинг учун бу йўналишдаги ислоҳотлар халқимиз, айниқса, олис ҳудудлардаги аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини чуқур ўрганган ҳолда босқичма-босқич амалга ошириб борилмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлардан яна бири бу – давлат тиббий суғуртаси тизимидир. Бу борада ҳозирга қадар муайян ишлар бошланган ва тайёргарлик кўрилган. Хусусан, 2024 йил 11 сентябрда давлатимиз раҳбарининг “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан давлат тиббий суғуртаси тизими 2024 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2025 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикасида жорий этилди. Бунинг учун соҳада 2024 йил якунига қадар “Электрон поликлиника” ва “Электрон шифохона” ахборот тизимлари жорий қилинди. Тиббиёт ходимлари улардан фойдаланиш бўйича ўқитилди. Муассасалар зарур техника ва тармоқ қурилмалари билан жиҳозланмоқда.
Ушбу тизимнинг аҳамияти шундаки, тиббиётда натижага асосланган молиялаштириш усуллари татбиқ қилинади. Тиббий суғурта доирасида тиббий хизматларни кўрсатиш ва дори воситаларини тақдим этиш давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади, аҳолидан қўшимча тўлов ундирилмайди.
Фуқаролар кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун белгиланган муддатларда тегишли тиббий кўриклардан ўтиши, оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиши зарур. Бунда оилавий шифокор даволаш ва ташхислаш стандартларига мувофиқ тор соҳа шифокорларига, зарур ҳолларда шифохоналарга электрон йўлланма беради ҳамда бемор мазкур йўлланма асосида тор соҳа шифокори томонидан кўрикдан ўтказилади.
Шифокор расмийлаштирган электрон рецепт асосида дори воситалари кафолатланган пакет доирасида беморларга бепул берилади ва дорихоналарнинг тегишли сарф-харажатлари давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Умуман олганда, давлат тиббий суғуртасининг жорий қилиниши аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш орқали янги босқичга олиб чиқиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, 2024 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан давлат тиббий суғуртаси ва аҳолига кафолатланган пакет асосида тиббий ёрдам кўрсатиш тизими билан келгуси уч йилда барча шаҳар, туман ва қишлоқларни қамраб олиши ташаббуси билдирилган эди.
Қолаверса, маърузада Президентимиз ушбу йўналишда 2025 йилда Ҳукумат томонидан маҳаллалардаги 18 мингта тиббиёт бригадаларини ўқитиш, 884 минг нафар беморни уй шароитида реабилитация билан қамраб олиш бўйича янги тизимни жорий этиш, туғруқхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга 100 миллион доллар йўналтирилиши таъкидлаганди.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасига тиббий суғурта тизимининг жорий этилиши, жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг эътибори Сайловолди дастурида ижтимоий йўналишда белгилаб олинган ташаббуслар ижросига қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Хусусан, партиямиз дастурида аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш ва соҳага замонавий технологияларни жорий қилиш мақсадида “Ақлли тиббиёт” тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, “электрон поликлиника” ва “ягона электрон анкета” тизимларини йўлга қўйиш белгиланганди.
Хулоса қилиб айтганда, қарорда белгилаб берилган вазифалар нафақат соҳа вакиллари, балки биз, депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Бу жараёнда ушбу вазифаларнинг самарали бажарилиши устидан доимий равишда депутатлик ва парламент назоратини олиб боришимиз, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришимиз даркор. Зотан, давлат тиббий суғуртасининг босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиши аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини узайтиришга ҳам хизмат қилади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА