ЕЧЛ: “Ливерпуль” ва “Барселона” муддатидан аввал кейинги босқичга йўл олди
Футбол мухлисларининг энг севимли мусобақаларидан бири бўлган Европа чемпионлар лигаси қарийб бир ярим ойлик танаффусдан сўнг яна давом этмоқда. Янгича форматда ўтаётган мазкур нуфузли турнирнинг 7-тур учрашувлари ҳам кутилмаган натижаларга бой ўтди.
Турнинг энг қизиқарли учрашувларидан бири “Бенфика” – “Барселона” ўйини бўлди. Унда мухлислар 9 та гол гувоҳига айланди. Ўйиннинг биринчи бўлимида “Бенфика” Павлидиснинг хет-триги эвазига 3:1 ҳисобида олдинга чиқиб олди.
Иккинчи бўлимнинг 64-дақиқасида Рафинья ҳисобни қисқартирди. Ушбу голдан сўнг яна ҳужумга эътибор қаратган “Бенфика” 68-дақиқада ҳисобни 4:2 кўринишига олиб келди.
“Барселона” шундан сўнг бор эътиборини ҳужумга қаратди. Бунинг натижасида 78-дақиқада Р.Левандовски, 86-дақиқада Э.Гарсия ва учрашув тугашига саноқли сониялар қолганида Рафинья гол уриб, “Барселона”нинг 5:4 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Англиянинг «Ливерпуль» клуби эса Чемпионлар лигасида “Лилль” клубини 2:1 ҳисобида енгди. Натижада Арне Слот шогирдлари янгича форматда ўтаётган ЕЧЛ ҳамма баҳсларида ғалаба қозонган ягона жамоага айланди. Аниқроғи, “Ливерпуль” ортда қолган 7 турда «Жирона» (1:0), «Реал» (2:0), “Байер“ (4:0), “Лейпциг“ (1:0), «Болонья» (2:0), «Милан» (3:1) ва “Лилль” клубларини мағлуб этди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Чемпионлар лигасининг жорий босқичида “Ливерпуль” ва “Барселона” 1/8 финал йўлланмасини муддатидан аввал қўлга киритди.

Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 7-турида «Атлетико» 2:1 ҳисобида «Байер Леверкузен» устидан ғалаба қозонди. Шунингдек, кечаги учрашувларда “Монако” – “Астон Вилла” 1:0, “Аталанта” – “Штурм” 5:0, “Брюгге” – “Ювентус” 0:0, “Болонья” – “Боруссия Д” 2:1, “Црвена Звезда” – “ПСВ” 2:3, “Слован” – “Штутгарт” 1:3 ҳисобидаги натижалар қайд этилди.

Дарвоқе, Чемпионлар лигасининг 7-тур учрашувлари доирасида Суперкомпьютер жорий мавсумда ғолибликка асосий даъвогарлар рўйхатини эълон қилди.
Унга кўра, “Ливерпуль” асосий фаворит ҳисобланади ва Арне Слот жамоасининг ғалаба қозониш эҳтимоли “Opta” алгоритми бўйича 22,2 фоиз деб баҳоланган. Иккинчи ўринда Миланнинг “Интер” клуби (18,1 фоиз), учинчи ўринда Лондоннинг “Арсенал” клуби (13,6 фоиз) қайд этилди. “Барселона” тўртинчи ўринни эгаллади (7 фоиз), турнирнинг амалдаги ғолиби “Реал” эса бешинчи ўринни эгаллади (6,5 фоиз).
Бугун, Чемпионлар лигасининг 7-тур учрашувлари давом эттирилади. Унда қуйидаги ўйинлар бўлиб ўтади:
“Лейпциг” – “Спортинг”;
“Шахтёр” – “Брест”;
“ПСЖ” – “Манчестер Сити”;
“Реал” – “Залцбург”;
“Фейеноорд” – “Бавария”;
“Арсенал” – “Динамо Загреб”;
“Милан” – “Жирона”;
“Спарта” – “Интер”;
“Селтик” – “Янг Бойз”;
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА