Тўй ва маросимлар мавзуси муҳокама қилинди

291

Тўй ва маъракалар билан боғлиқ исрофгарчиликлар, кўр-кўроналик, дабдабабозлик муаммоси кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас. Бу муаммо тараққийпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийни ҳам жиддий ўйлантирган. Таассуфки, ушбу масала бугун ҳам жамиятимизда йўқолгани йўқ.

Бу долзарб мавзу Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамованинг “Aёл маърифати” жамоатчилик кенгаши вакиллари билан учрашуви чоғида ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Негаки, ортиқча чиқимбозликка йўл қўйиб, турли «урф»ларга йўл очишда, ташаббускор бўлишда асосан аёлларнинг ҳиссаси борлиги барчага яхши аён.

–Бугунги кунда тўй ва маросимлардаги ортиқча дабдабабозликлар маҳаллаларда ижтимоий табақаланишга олиб келаётгани, оилаларда хотиржамлик, соғлом ва барқарор муносабатларга, фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳеч кимга сир эмас, – деди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова. –Афсуски, исрофгарчиликлар, ортиқча дабдабабозликлар, қудалар ўртасидаги носоғлом орзу-ҳавасларга асосланган олди-берди можаролари оилавий ажримларга ҳам сабаб бўлаётганини ҳаётий мисоллар кўрсатиб турибди.

Мулоқот давомида ушбу муаммонинг барча сабаб ва оқибатлари атрофлича таҳлил қилинди. Фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Мулоқот давомида қуйидаги йўналишларда аниқ асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди. Хусусан, жойларда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида мазмунан бой, миллий қадриятларимизга асосланган ихчам, исрофгарчиликлардан холи тўй ва маросимлар ўтказишни тарғиб қилиш, тўйлар, маросимлар ва бошқа оилавий тадбирларни камхарж қилиб ўтказиб, бахтли ва фаровон яшаётган оилалар тарғиботини кучайтириш бугун муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, тавсиялар ишлаб чиқиш, маҳаллаларда тўй-ҳашам ва маросимларни камхарж, исрофгарчиликларсиз ўтказишда хотин-қизлар фаолларининг “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, отинойилар, совчилар ҳамда кайвонилар билан яқин ҳамкорликда ишлашини ташкил қилиш давр талибага айлангани алоҳида таъкидланди.

Жойларда юртдошларимиз билан тўйдан олдин маслаҳатлашиш, тантана ва маросимларни ихчам ўтказишнинг ўзига, фарзандларига, жамиятимизга фойдаси ҳақида кенг тушунчалар бериш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда ушбу каби салбий ҳолатларга нисбатан муросасизлик кайфиятини шакллантириш муҳимлиги алоҳида эътироф этилди.

Н.Усмонова,  

ЎзА