Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

205

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги делегацияси Малайзия давлатида бўлиб турибди.

Ташриф доирасида ўзбек делегацияси Куала-Лумпур шаҳридаги “SME Corporation Malaysia” агентлиги фаолияти билан яқиндан танишди.

Шунданг сўнг иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев ва «SME Corporation Malaysia” агентлиги бош директори Ризал Дато Наини ўртасида учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди

Қайд этилганидек, «SME Corporation Malaysia» (SME Cоrp. Malayziya) Малайзия Тадбиркорлик ва кооперативларни ривожлантириш вазирлиги ҳузурида асосий мувофиқлаштирувчи орган сифатида фаолият юритади. Унинг асосий вазифаси Малайзияда сони 1,1 миллионга тенг бўлган кичик ва ўртача корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш миллий дастурларини амалга оширишдан иборат.

«SME Corporation Malaysia” агентлиги ушбу дастурларни мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини баҳолашни ҳам амалга оширади.

Агентлик мамлакат ичида ҳам, халқаро майдонда ҳам кичик ва ўртача корхоналарни ривожлантиришга интилиб, халқаро ҳамкорликда фаол иштирок этмоқда. У ўз фаолияти доирасида тренинглар ва техник ҳамкорликни ташкил этиш бўйича турли дастурлар ташаббуси билан чиқади.

Илмий муассаса матбуот хизматига кўра, учрашувда «SME Corporation Malaysia” агентлиги томонидан автоматлаштириш ва рақамлаштириш натижасида унумдорликни ошириш орқали ишчи кучи етишмовчилиги муаммосини ҳал қилишга қаратилган молиялаштириш дастурлари, шунингдек, Техник ва касб-ҳунар таълими ва тренинглар (TVET) тизимлари орқали касбий тайёргарлик дастурлари тақдим этилди.

Шунингдек, унда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, шу жумладан, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан соҳага оид дастурларни амалга оширишда тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокара чоғида Gig-иқтисодиёти каби кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ва рақамли трансформациянинг замонавий талабларига мослашиш учун мослашувчан бизнес моделлар аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Учрашувда ESG Quick Guide, SME Competitiveness Rating for Enhancement (SCORE) рейтинг тизими каби воситаларни Ўзбекистон контекстида қўллаш, шунингдек, маҳаллий ва халқаро бозор эҳтиёжларини қондириш учун қўшма тренингларни ташкил этишга келишилди.

Музокаралар якунида келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари, жумладан, тажриба алмашиш учун қўшма таълим дастурлари ва вебинарларни ташкил этиш белгилаб олинди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА