Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда

268

Қорақалпоғистон Республикасида фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечимини топиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Шу муносабат билан ўтказилган мажлисда жойларда сайёр қабулларни ташкил этиш орқали аҳоли муаммоларига ечим топиш, фуқаролар бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа ва бошқа объектлар ҳолатини яхшилаш ишларини самарали олиб бориш, “Обод хонадон – Обод кўча – Обод маҳалла” мезони асосида маҳаллаларни обод қилиш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Мажлис давомида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

*** 

Нукус шаҳри “Наўқан боғ” ҳамда “Телемарказ” маҳалла фуқаролар йиғинларини боғлаб турадиган темир йўл устидан ўтувчи янги автомобиль ўтказгич кўприк фойдаланишга топширилди.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида қиймати 1 миллиард 146 миллион сўм бўлган мазкур кўприк фуқароларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишда муҳим аҳамият касб этади. Барча хавфсизлик ва сифат стандартларига тўлиқ жавоб берадиган мазкур йўл ўтказгич орқали минглаб ҳайдовчилар ва пиёдалар ўз манзилларига хавфсиз тез етиб бориш имконига эга бўладилар.

*** 

Aжиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти технологик таълим кафедраси ўқув-устахонасига ўтган йилда Ислом тараққиёт банки томонидан 70 минг AҚШ долларига яқин маблағ ажратилиб, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди.

Ошпазлик, темирга ҳамда ёғочга ишлов бериш, тикувчилик каби хоналарда талабалар нафақат ўз назарий билимларини мустаҳкамламоқда, шу билан бирга, тўгарак ишларида амалий кўникмаларини ошириб бормоқда. Ҳозирда ўқув-устахонада робототехника бўйича махсус хона ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири