Ҳозирга қадар JICA кўмагида Ўзбекистонда 3,7 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилган

185

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти доктор Aкихико Танака билан музокаралар ўтказди.

Учрашувда JICAнинг Ўзбекистон-Япония стратегик шериклигини жадал ривожлантиришга қўшаётган муносиб ҳиссаси ва Aгентликнинг Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга ошириш борасида қилаётган ишлари юқори баҳоланди.

Қайд этилганидек, ҳозирга қадар JICA кўмагида Ўзбекистонда энергетика, таълим, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмавий ривожланиш ва соғлиқни сақлаш каби муҳим иқтисодиёт тармоқларида умумий қиймати 3,7 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилган.

Aгентликнинг Ўзбекистондаги муваффақиятли иш тажрибасидан келиб чиқиб, энергетика, соғлиқни сақлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш, мамлакат ҳудудларида янги эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш йўналишларидаги лойиҳаларни молиялаштиришнинг қўшимча имкониятлари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, 2022 йилдан JICA Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини давлат кафолатисиз молиялаштиришни назарда тутувчи хусусий сектор инвестицияларини молиялаштириш дастурини амалга ошириб келмоқда. Мазкур дастур доирасида янги истиқболли лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Мулоқот давомида ўтган йили имзоланган умумий қиймати 2,4 миллиард долларлик 20 та лойиҳадан иборат Дастурнинг амалга ошириш жараёни алоҳида муҳокама қилинди.

Учрашув якунлари бўйича Япония ҳукумати билан “Aйирбошлаш ноталари”, Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсулт илмий-амалий тиббиёт марказини қуриш ва жиҳозлаш лойиҳаси бўйича 150 миллион долларлик кредит шартномаси, JICA ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида чорвачилик, энергетика, таълим ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи ҳамкорликмеморандуми имзоланди.

Гўзал Сатторова, ЎзА