“Al Arkan” Ўзбекистонда кенг қамровли дастурни амалга оширишни режалаштирмоқда

171

Сўнги йилларда Саудия Арабистони билан мамлакатимиз ўртасида  инвестициявий ҳамкорлик кўлами кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Саудия Aрабистонининг “Al Arkan” компанияси ижрочи директори Муҳаммад ал-Фассом билан учрашуви ушбу ҳамкорликнинг яна бир давоми, десак бўлади.

Суҳбат давомида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнлари ва хизматлар кўрсатишда хавфсизлик ва гигиена бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан амалий чоралар муҳокама қилинди.

Дастур озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш миллий тизимини ривожлантириш, озиқ-овқат саноати ходимларини замонавий хавфсизлик стандартларига ўргатиш, тиббиёт, туризм ва транспорт хизматлари даражасини юксалтириш бўйича ўқув дастурларини жорий қилиш, инфратузилмани модернизациялаш, касб-ҳунар таълими тизимини такомиллаштиришни ва бошқа бир қатор йўналишларни қамраб олади.

Лойиҳани амалга ошириш мамлакатимизнинг етакчи компанияларига хизмат кўрсатиш, юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконини беради.

Учрашув якунида томонлар биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга тайёрлигини билдириб, лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш бўйича аниқ чораларни белгилаб олдилар.

Г.Сатторова, ЎзА