Франциялик ҳамкорлар билан Ислом цивилизацияси маркази музейи лойиҳаси муҳокама қилинди

180

Ислом цивилизацияси маркази музейини халқаро стандартларга мос равишда ташкил этиш ва уни тарихий-маърифий масканга айлантириш йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва Франциянинг “Wilmotte&Аssocies” компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда компаниянинг музей архитектураси ва интерьер йўналиши директори Эммануэл Брелот ва марказ ходимлари ҳам иштирок этди.

“Wilmotte&Associes” томонидан тайёрланаётган музей экспозициялари бўйича охирги ярим йил ичида амалга оширилган ўзгаришлар муҳокама қилинди. Учрашувда бўлажак мажмуанинг шакли, интерьери ва мазмуни ҳақидаги таклифлар кўриб чиқилиб, экспозицияга янги сегментларни қўшиш ишлари давом этаётгани таъкидланди.

Фирдавс Абдухолиқов музейни замонавий технологиялар билан бойитиш, ташриф буюрувчилар учун қулай шароит яратиш ҳамда экспозицияларни янада интерактив ва қизиқарли қилиш юзасидан қатор таклифларни илгари сурди, дейилади Ислом цивилизацияси маркази маълумотида.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳамкорлик марказ музейини халқаро стандартларга мос равишда ташкил этиш ва уни тарихий-маърифий масканга айлантириш йўлида хизмат қилади.

А.РУСТАМОВ, ЎзА