“Tata Steel Chess-2025” турнирининг шиддатли курашлари ҳали олдинда

224

Нидерландияда давом этаётган “Tata Steel Chess-2025” турнирининг 4-тур баҳслари ортда қолди.

“Мастерс“ гуруҳида ғолибликка даъвогарлик қилаётган Нодирбек Абдусатторов ушбу турда етакчилик пойгасида ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандхага ярим очко ҳисобида имкониятни бой бериб, ўринларни алмашиб олди. Яъни, ҳинд шахматчиси 3,5 очко билан 1-ўринга кўтарилиб олган бўлса, Нодирбек Абдусатторов 3 очко ҳолатида 2-ўринни банд этиб турибди.

4-тур баҳсида Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда ҳаракатланишига қарамасдан хитойлик Вэй И билан 41-юриш ҳолатида муроса йўлини танлади. Рамешбабу Праггнанандха Нодирбекдан фарқли ўлароқ ҳамюрти Леон Люк Мендонкани 46-юришда таслим этди.

“Челленжер“ гуруҳида иштирок этаётган ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев 3-турда бўлгани сингари 4-турда ҳам омадсизликка учради. 3-турда чехиялик Нгуен Тай Дай Ванга очко улашган Ёқуббоев 4-турда оқ доналарда ҳиндистонлик Ваишали Рамешбабуга ютқазиб қўйди.

Кетма-кет омадсизлик Нодирбек Ёқуббоевни 1,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 14 нафар иштирокчи орасида ҳозирча 9-ўрин билан кифояланишига олиб келди.

Ёқуббоев гуруҳида 3 нафар шахматчи 3 очко билан етакчиликни мустаҳкамлаётган вазиятда 2 нафари 2,5, 3 нафари 2, яна 3 нафари 1,5 очкога эга бўлиб турибди.

Бугун, 22 январь куни ўтказиладиган 5-тур ўйинларида «Мастерc» гуруҳида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Нидерландия вакили Йорден ван Форест қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.

Нодирбек Ёқуббоев 5-турда қора доналарда озарбайжонлик Айдин Сулейманли билан куч синашади.

Эслатиб ўтамиз, 13 та турдан иборат “Tata Steel Chess-2025” турнири 2 февралга қадар давом этади.

Т.Рўзиев,

ЎзА