AҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқди

Куни кеча расман президентлик фаолиятини қайта бошлаган Дональд Трамп Америка Қўшма Штатлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти – ЖССТ таркибидан чиқиши тўғрисидаги фармонни ҳам имзолади.
Давлат раҳбари ушбу қарорига сабаб сифатида ЖССТ COVID-19 пандемияси ва бошқа халқаро миқёсдаги тегишли инқирозларга нисбатан нотўғри муносабатда бўлганини келтирган.
– Дональд Трамп ЖССТ “Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ортиқча сиёсий таъсиридан мустақил ҳаракат қила олмагани ва Қўшма Штатлардан Хитой каби давлатлар тақдим этган миқдорга номутаносиб, адолатсиз ва оғир тўловлар талаб қилгани”ни айтди, деб ёзди “Reuters”.
– Дунё саломатлиги бизни алдади, ҳамма AҚШни алдаяпти, – дея қўшимча қилган Трамп. – Бу бошқа такрорланмайди.
Бу қадам AҚШ 12 ой ичида БМТ Соғлиқни сақлаш агентлиги таркибидан чиқиши ва тузилмага қўшаётган ҳар қандай молиявий ҳиссасини тўхтатишини англатади.
ЖССТ харажатининг тахминан 18 фоизини қоплаб келган АҚШ ҳозиргача ташкилотнинг энг йирик молиялаштирувчи ҳамкори эди. Жамоанинг 2024-2025 йилларга мўлжалланган сўнгги икки йиллик бюджети 6,8 миллиард долларга тенг.
Бир неча ички ва ташқи экспертлар фикрига кўра, AҚШнинг тарк этиши ташкилотдаги дастурлар, айниқса, сил, ОИВ/ОИТС каби хасталиклар билан боғлиқ турли фавқулодда вазиятларни мувофиқлаштиришда хавф туғдириши мумкин.
Г.Сатторова,ЎзА