Маҳсулот ва хизматларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизими такомиллаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикасида маҳсулот ва хизматларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ISO 14024 халқаро стандартига мувофиқ бутун ҳаётий давр бўйича (I тип) “Yashil belgi” маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тизими;
маҳсулот ва хизматларнинг экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқлигини экологик маркировкалаш тизимида авторизациядан ўтган юридик шахслар томонидан баҳолаш тартиби жорий этилади.
Экология вазирлиги экологик маркировкалаш тизимини тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгиланади ҳамда унга қуйидаги вазифалар юкланади:
экологик маркировкалаш тизимини тартибга солиш ҳужжатларини, шу жумладан, экологик маркировкалаш тизими қоидалари, экологик маркировкалаш органини авторизациядан ўтказиш, хорижий давлатларнинг экологик маркировка тизимларини тан олиш ҳамда экологик маркировка белгисини қўллаш тартибларини тасдиқлаш;
экологик маркировкалаш органларига қўйиладиган талабларни тасдиқлаш;
экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқ экологик жиҳатдан афзал, шу жумладан, ресурсларни тежовчи, кам чиқитли ва чиқиндисиз, атроф-муҳитга салбий таъсири камайтирилган маҳсулотларни кенг ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш;
экологик маркировкалаш стандартларини ишлаб чиқиш;
экологик маркировкалаш соҳасида фаолият юритувчи ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш.
Мазкур қарорга кўра, экологик маркировкалаш тизими:
ISO 14024 халқаро стандартига мувофиқ маҳсулотнинг бутун ҳаётий даврини кўриб чиқишга асосланган бўлиши;
экологик жиҳатдан афзал маҳсулотни, яъни ишлаб чиқариш, фойдаланиш, истеъмол қилиш, транспортда ташиш, сақлаш ва утилизация қилишда бир турдаги маҳсулот гуруҳи доирасида ўхшашига нисбатан атроф-муҳитга экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқ кам таъсир кўрсатувчи маҳсулотни ажратиши;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик нормаларига риоя этиладиган маҳсулотларни экологик маркировкалашни кўзда тутиши;
экологик маркировка белгисини қўллаш қоидаларини кўзда тутиши ҳамда мазкур қоидалар бажарилиши устидан назоратни амалга ошириши;
барча манфаатдор томонлар учун экологик маркировкалаш тизимининг асосий элементлари, шу жумладан, экологик маркировкалаш тизимида сертификатлаштириш ишлари ўтказиладиган стандартлар ва сертификатлаштириш жараёнлари, шунингдек, экологик маркировка белгисини қўллаш қоидаларининг шаффофлиги ҳамда тушунарлилигини таъминлаши каби талабларга мос келиши лозим.
ЎзА