Мурожаатлар беэътибор қолмаяпти

258

АОКАда Маданият вазирлиги ва тизим ташкилотларида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш масалаларига бағишланган брифинг ўтказилди.

Унда вазирлик ахборот хизмати раҳбари Сирожиддин Ўсаров мавзуга оид маълумотлар берди.

Таъкидланганидек, 2024 йил давомида халқ билан мулоқотни янада кенгайтириш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш тизими натижадорлигини ошириш, мурожаатларнинг камида 80 фоизи маҳаллий даражада қаноатлантирилишини таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилди.

Хусусан, жисмоний ва юридик шахслар томонидан вазирликнинг марказий аппаратига 980 та, ҳудудий бошқармаларга 906 та ва тизим ташкилотларига 1 минг 370 та, жами 3 минг 256 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1 минг 562 таси (48 фоизи) ёзма, 1 минг 116 таси (34,2 фоизи) электрон ва 578 таси (17,8 фоизи) оғзаки мурожаатлар ҳисобланади.

Мурожаатларнинг 2 минг 989 таси (91,8 фоизи) жисмоний шахслар ва 267 таси (8,2 фоизи) юридик шахслар томонидан келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 2 минг 630 таси (80,8 фоизи) қаноатлантирилган, 541 тасига (16,6 фоизи) тушунтириш берилган ҳамда 85 таси (2,6 фоизи) бошқа ташкилотга йўналтирилган.

Энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳар Маданият бошқармасига, Фарғона вилояти Маданият бошқармасига, Тошкент вилояти Маданият бошқармасига, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигига ва Сурхондарё вилояти Маданият бошқармасига келиб тушган.

Президент виртуал қабулхонаси орқали вазирлик тизим ташкилотлари кесимида энг кўп мурожаатлар Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасига, “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ва Ўзбекистон давлат консерваториясига ҳамда мазкур йўналишда энг кам мурожаат Ўзбекистон давлат хореография академиясига, “Ўзбекцирк” давлат муассасасига ва Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасига бўлган.

Келган мурожаатлар йўналишлар кесимида таҳлил қилинганда, таълим йўналиши бўйича 30, театр ва цирк масалалари бўйича 10,1, маданият муассасалари фаолияти бўйича 9,2, меҳнат муносабатлари бўйича 6,7, молия, бухгалтерия ва аудит масалалари бўйича 6,6, хўжалик (уй-жой) масалалари бўйича 6,5 ва концерт-томоша масалалари бўйича 6,2 фоизни ташкил этди.

Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, мурожаатлар энг кўп келиб тушаётган йўналишларда ҳали қилинадиган ишлар талайгина.

Шунга кўра, аҳолининг маданият ва санъат соҳасига оид мурожаатларини вазирнинг ўзига йўллаш механизми ишлаб чиқилиб, илк маротаба 2024 йилнинг 23 декабрь куни @вазирқабули_бот орқали юборилган мурожаатлар вазир томонидан онлайн қабул қилинди.

Вазирнинг онлайн қабули доимий равишда ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, босқичма-босқич амалга ошириб борилади.

Н.Усмонова, ЎзА