Мониторинг давомида қурилиш-монтаж ишларида қоидабузарликлар аниқланган (+видео)

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясида 2024 йил якуни ҳамда 2025 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан тадбир ўтказилди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси раҳбари Сирожиддин Эшқувватов соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, инспекция фаолиятида назоратни кучайтириш, соҳада рақамлаштиришни жорий этиш ва шаффофликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
Ҳудудий инспекциялар томонидан олиб борилган мониторинглар, аниқланган камчиликлар ва уларга қарши кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. 2024 йилда ҳудудий инспекциялар томонидан қурилиш объектларида 296 мингдан ортиқ мониторинглар ўтказилган.
Мониторинглар натижасида 138 мингдан зиёд мажбурий ёзма кўрсатмалар берилган. Ўрганишлар давомида кўплаб қурилиш материалларининг сифатсизлиги, лойиҳалаштиришдаги камчиликлар ва қурилиш-монтаж ишлари билан боғлиқ хатолар аниқланган.

Шунингдек, 9 мингдан ортиқ ҳолатда маъмурий жарималар қўлланилиб, 1 минг 682 та ҳолатда сифатсиз материаллар ишлатилгани сабабли тегишли чоралар кўрилган.
Тадбирда кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш соҳасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтилди.
Жумладан, 2024 йилда 12 минг 218 та кўп қаватли уйнинг техник ҳолати ўрганилди ва 4 минг 902 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу жараёнларда 2 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик бартараф этилиб, 1 минг 290 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалари киритилди.
Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларидаги муаммолар ҳам алоҳида эътиборга олинди. Хусусан, оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича 4 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланиб, бартараф этиш чоралари кўрилган.
Тадбир давомида 2025 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга эътибор қаратилди. Инспекция раҳбари ҳудудий назорат тадбирларини кучайтириш, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилишда самарадорликни ошириш ва ишнинг шаффофлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Ш.Маматуропова, ЎзА