Имтиёзли тавсиянома учун синовлар бошланди

Нукус гарнизонида Мудофаа вазирлиги бўлинмаларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга киришга ёрдам берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигининг имтиёзли тавсияномаларини қўлга киритиш учун тест синовларини топширишни бошлади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардиянинг 2019 йил 30 декабрдаги “Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга ҳарбий қисм қўмондонлигининг имтиёзли тавсияномаси берилиши белгиланган.
Мазкур қўшма қарорга мувофиқ, ўз ҳарбий бурчини виждонан адо этган ва ҳарбий қисм командирининг имтиёзли тавсияномасига эга бўлган йигитлар олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз, шунингдек, олий таълим муассасалари (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриатига ўқишга кириш учун олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан мазкур тест синовларида адолат тамойилларига асосланган ҳолда шаффофликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган аудиторияларнинг барчасида кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, улар орқали реал вақт мезони бўйича кўрсатилаётган видеотасвирларнинг барчаси тизимга ёзиб сақланади. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан олинган тест синовлари давомида қоида ва қонун бузилиш ҳолатлари қайд этилмади. Ҳарбий хизматчиларнинг сонини инобатга олган ҳолда тест синовлари бир неча кун давомида олиб борилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга ҳарбий қисмлар қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар, улар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА