Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлиб киради(ми?)

185

Ўзбекистон инфратузилма, энергетика ва саноат соҳаларини ривожлантиришда узоқ муддатли инвестиция манбаларини диверсификация қилиш, миллий иқтисодиётимизни ривожлантиришнинг молиялаштириш имкониятларини янада кенгайтиришни мақсад қилган.

Шу маънода давлатимиз раҳбарининг кузатувчи мақомида 2024 йил 26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишидаги иштироки давомида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим ташаббусларидан бири айнан Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига 2025 йилда аъзо бўлиб кириш масаласи эди.

Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — “Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги битимга қўшилиши тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мана шу муҳим ташаббуснинг ижросига қаратилган.

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг муҳим аҳамиятга эга бўлган яна бир халқаро молия ташкилотига аъзо бўлиб киришининг, ушбу тузилма имкониятларидан миллий иқтисодиётимизни янада ривожлантириш мақсадида фойдаланишнинг ҳуқуқий асосини яратади.

Хусусан, 7 миллиард доллар устав капиталига эга Евроосиё тараққиёт банкининг асосий мақсади аъзо давлатларда инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш бўлиб, бу йўналишда банк «яшил» иқтисодиёт, транспорт-логистика, муқобил энегретика, рақамли трансформация, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича инвестицион фаолиятни олиб боришга қаратилган.

Бу йўналишда 2016 йилдан то шу кунга қадар банк 15 миллиард долларлик молиялаштиришни амалга оширган. Аҳамиятли томони, банк аъзо давлатлар миллий валютасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш тизимини ҳам йўлга қўйган.

Муҳокамаларда айрим саволлар кўтарилди ва масъуллар томонидан жавоб қайтарилди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА