IOS тизими фойдаланувчилари ҳам MIB.UZ мобил иловасидан фойдаланишлари мумкин
Бу илова аввал фақат Android тизимида мавжуд эди.
Мажбурий ижро бюроси фаолиятини рақамлаштириш ва ижро ишлари бўйича аҳолига қулайлик яратиш учун масофавий электрон тизимларни жорий этиб бормоқда.

Фуқароларимиз юзага келаётган қарздорликлар ҳақида маълумотларни ва хорижга чиқиш олдидан тақиқ бор ёки йўқлигини энди мобил телефон орқали ҳам билиб боради.
Мобил алоқа воситаларидан фойдаланувчилар Google тизими орқали Play Market, шунингдек, IOS (Iphone) тизими фойдаланувчилари App Store орқали MIB.UZ мобил иловасидан фойдаланишлари мумкин.

Мобил иловага уланиш учун мобил алоқа рақами киритилиб, сўнгра SMS хабарномадаги ҳимоя коди тасдиқланади. Фуқаролик паспорти серияси ва рақамлари киритилади.
Ушбу мобил илова дастурининг “Қарздорликни текшириш” бўлимида суд ва бошқа қарорлар орқали келиб чиққан қарздорликлар ҳақидаги маълумотларни олиш мумкин.

“Республикадан чиқишга чеклов” бўлими эса хорижга чиқиш олдидан қарздорликлар учун қўйилган тақиқлар ҳақида хабардор қилади.
Бундан ташқари, илова орқали автотранспорт воситаси ёки кўчмас мулкларга оид қидирув ёки тақиққа оид маълумотларни “Автотранспортни текшириш” ҳамда “Кўчмас мулкни текшириш” бўлимлари орқали билиш мумкин.
Бу жараён, ўз вақтида тақиқларни билиш ва уни бартараф этиш ҳамда ортиқча ноқулайликлардан халос этиб боради.
Шунингдек, дастур ишончли, қулай ва шаффоф равишда бошқа имкониятларни ҳам тақдим этади.
ЎзА