“Фахрий донор” бўлиш талаблари ва уларга берилаётган имтиёзлар қандай?

205

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

— Аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантириш, қон донорларига сифатли хизмат кўрсатиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — деди депутат Гулнора Абдувоҳидова. — Бир йилда 4 ёки кўпи билан 5 марта қон топшириш мумкин. Бунинг учун инсон соғлом бўлиши керак. 40 марта қон топширишган фаол шахсларга “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони берилади ва уларга бир қатор имтиёзлар бериш назарда тутилмоқда. Жумладан, мазкур қонун лойиҳаси билан “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга улар учун қулай бўлган вақтда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари), шаҳарлараро транспортлардан бепул фойдаланиш ҳуқуқини бериш белгиланмоқда. Шунингдек, санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда.

Муҳокамалар давомида бир қатор саволлар ўртага ташланди. Жумладан, депутат Наврўз Юсупов қуйидаги савол билан мурожаат қилди:

—  Қонун лойиҳаси билан “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга жамоат транспортидан фойдаланиш ҳуқуқи берилмоқда ва бунинг учун махсус имтиёзли карта тақдим этилади. Имтиёзли карта қанча муддатга берилади ва қайси ҳудудларда амал қилади?

— Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йилдаги тегишли қарорида имтиёзли карталар бериш тартиби белгиланган. “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиб, имтиёзли карталарни олиши мумкин. Бу карталар чекланмаган муддатга берилади, ундан бошқалар фойдаланиши мумкин эмас.

Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА