Чимбойлик фотомухбирнинг ижоди эътироф этилди

ФОТОРЕПОРТАЖ
Чимбой туманида туман ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими томонидан “Чимбой овози” газетаси фотомухбири Ўрозбой Пирленовнинг 60 йиллик юбилейига бағишлаб тадбир ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокими A. Тожиддинов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Д. Абибуллаев сўзга чиқиб, таниқли фотомухбирнинг бой ижодий фаолияти, инсонийлик фазилатлари, касбига бўлган садоқати хусусида алоҳида тўхталди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Ўрозбой Пирленов узоқ йиллар давомида Қорақалпоғистон телевиденисида оператор, “Чимбой овози” газетасида фотомухбир сифатида фаолият юритиб келмоқда. Туманда амалга оширилаётган ислоҳотларни, аҳоли ҳаётини, турли соҳаларда меҳнат қилиб, бошқаларга ўрнак кўрсатаётган юртдошларимиз фаолиятини ўзининг фото ва видеорепортажлари орқали кенг жамоатчиликка етказишда ҳисса қўшмоқда.
Тадбир якунида фотомухбирга туман ҳокимлиги ҳамда қатор ташкилотлар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА