Онлайн савдо: муддатида етказилмаган товар учун пеня тўланади

Бугунги кунда онлайн савдо муносабатлари кенгайиб бормоқда. Уйда ўтирган ҳолда телефон ва интернет орқали ўзимизга маъқул нарса-буюмларни “заказ” қилиб олишимиз мумкин. Аммо кўп ҳолларда товарларни ўз вақтида етказиб бермаслик ва истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилаётган вазиятлар ҳам мавжуд.
Маълумотларга қараганда, сотувчиларнинг фуқароларга товарларни келишилган муддатда етказиб бермаётгани билан боғлиқ мурожаатлар кўпаймоқда. Жумладан, 2022 йилда 500 та, 2023 йилда 1 минг 373 та, 2024 йилда эса 1 минг 476 та мурожаат келиб тушган ва бунга амалдаги қонунларда тегишли жавобгарлик белгиланмагани сабаб бўлмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиялар фракцияларининг йиғилишларида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан сотувчи истеъмолчига шартномада кўрсатилган муддатларда товарни топширмаган тақдирда, мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига пеня тўлаши назарда тутилмоқда. Бунда пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товар баҳосининг 100 фоизидан ошиб кетмаслиги, пеняни тўлаш шартнома мажбуриятларини бузган тарафни товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юбориш, тўлиқ етказиб бермаслик оқибатида етказилган зарарни қоплашдан озод этмаслиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, сотувчи товарларни истеъмолчига топширишнинг кечикиши истеъмолчининг айби билан содир бўлганлигини исботласа, пеня тўлашдан озод этилиши кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар аҳолининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳамда олди-сотди шартномасига мувофиқ сотувчи шартлашилган муддатларда товарларни истеъмолчига топширмаслиги каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА