Янги “яшил” ташаббусларга старт берилди

Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (“Green University”) “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” муносабати билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган иккита халқаро лойиҳани ишга туширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда экология вазири ўринбосари Искандар Қутбиддинов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, IUCNнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Оливер Аврамоски (онлайн), вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, илмий жамоалар ва фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан янги “яшил” ташаббуслар тақдим этилди. Лойиҳалардан бири “Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини ва 7-Миллий ҳисоботини янгилашни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс дастур” бўлиб, жаҳоннинг 69 давлатида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам амалга оширилаётган глобал лойиҳанинг бир қисмидир. У биологик хилма-хиллик миллий стратегиялари ва ҳаракат режаларини ҳамда 7-Миллий ҳисоботни тайёрлашда мамлакатларни қўллаб-қувватлайди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида Ўзбекистонда Глобал биохилма-хиллик асослари ва унинг асосида ишлаб чиқилган янги миллий мақсадларга мувофиқ янгиланган Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режасини тайёрлаш кутилмоқда.

Қайд этилишича, биологик хилма-хилликни сақлаш ва экотизимларни тиклашга қаратилган иккита янги лойиҳа соҳа вакиллари томонидан юқори баҳоланмоқда. Ғарбий Тянь-Шань, Нурота ва Кўҳитанг тоғ тизмаларида экотизим барқарорлигини ошириш ва биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича ташаббуслар, шунингдек, биохилма-хилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади, чунки бу биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича Глобал дастурдаги мақсадлар билан боғлиқ узоқ муддатли ҳаракатларимизни белгилаб беради.
БМТТД ва IUCNнинг илғор тажрибаси ва билимларига асосланган ушбу лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистонда биохилма-хилликни сақлашда амалий натижалар беради. Лойиҳалар 2030 йилгача Глобал экологик фонд (ГEФ)нинг 6,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу лойиҳа биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, сақлаш ва тиклаш соҳасида узоқ муддатли давлат сиёсатини шакллантиришга қаратилган бўлиб, давлат ташкилотлари, бизнес ҳамжамиятлари ва жамоатчиликнинг фаол ҳамкорлигини талаб қилади.
Тадбирда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии сўзга чиқиб, ушбу ташаббусларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
–Ўзбекистон ўзининг бой биохилма-хиллиги ва ноёб экотизимларини муҳофаза қилиш ва тиклаш бўйича салмоқли чора-тадбирлар кўрмоқда, – дейди Акико Фужии. – Биз БМТ Тараққиёт дастури сифатида мамлакатнинг глобал биохилма-хиллик мақсадларига эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз. Ишончимиз комилки, ҳукумат, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлиги Ўзбекистоннинг ёш авлоди учун яшил келажак яратишда мустаҳкам пойдевор қўйиб, барқарор натижалар беради.
“Ўзбекистоннинг юқори қийматга эга ландшафтларини муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш бўйича комплекс бошқарув” бўйича йирик лойиҳа пухта ишлаб чиқилган ва инклюзив сиёсат орқали экотизимларни тиклаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, экотизимларни тиклаш жараёнларида инновацияларни қўллаш ва биохилма-хилликни сақлаш бўйича самарали ва барқарор молиялаштиришни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказишга қаратилган. Ушбу лойиҳани амалга оширишда асосий ҳамкорлардан бири 2024 йилда Тошкентда минтақавий ваколатхонаси расман очилган Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқидир. Лойиҳанинг тажриба ҳудудлари Ғарбий Тянь-Шань, Нурота тизмаси ва Кўҳитанг ландшафтлари ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА