Ёш ихтирочиларга “иномарка” совға қилинди

262

Меҳнатнинг меваси…

Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби шаҳрида “Zayed Sustainability Prize” танловида ўз ихтиролари билан ғолиб чиққан Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари Паҳлавон Ғуломов, Асилбек Ашрапов ва уларнинг ютуқларига сабабчи – устози Соҳибжон Азизов давлатимиз раҳбарининг эътирофига сазовор бўлди. Улар мамлакатимиз ёшларини мунтазам қўллаб-қувватлаш, иқтидорларни муносиб рағбатлантириб бориш чора-тадбирлари доирасида автомобиль билан мукофотланди.

Тақдирлаш маросимида ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, устозларига миннатдорлик билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, танловнинг “Global High schools” (Глобал мактаблар) йўналишида қатнашган ўзбекистонлик бу икки нафар ёш истеъдод соҳиби ёмғир сувини қайта ишлаб, истеъмол учун яроқли ҳолга келтириш лойиҳаси билан ғолибликни қўлга киритди.

Уларга мукофотни БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён топширди.

Шунингдек, тантанали маросимда Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди ва халқаро тадбирда муваффақият қозонган йигитларимизни қизғин табриклади.

Дарвоқе, мазкур нуфузли танлов орқали вакилларимиз томонидан бугунги кунда бутун дунё бўйлаб жуда долзарб саналган бир муаммога ечим таклиф қилинган. Яъни, оби ҳаёт танқис ҳудудлардаги фойдаланилмаётган ер майдонларида ёмғир сувини тўплаш учун ёпиқ ҳовуз (цистерна) жойлаштириш ҳамда йиғилган сувни тозаловчи ускуналар ёрдамида қайта ишлаб, ичиш ва кундалик фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш назарда тутилган.

Лойиҳани молиялаштириш ва ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 150 000 доллар сармоя киритилади.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева иштирок этди.

Мусулмон Зиё, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА