Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганига 33 йил тўлди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 1992 йилнинг 21 январь куни ташкил этилган ва 1993 йилнинг сентябрь ойида Халқаро олимпия қўмитасининг 101-сессиясида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ХОҚ томонидан расман тан олинган. Шундан сўнг ташкилот халқаро майдонда фаолият олиб бориш имкониятига эга бўлган. Шу кундан эътиборан Ўзбекистон мунтазам равишда ёзги ва қишки Олимпия ўйинларида қатнашиб келмоқда.

Миллий олимпия қўмитаси мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, олимпизмнинг пок ва эзгу ғояларини илгари суриш йўлида кенг кўламда иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаб, нуфузли спорт ташкилотлари билан кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйган.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганидан буён бугунга қадар спортчиларимиз 8 та қишки – “Лиллехаммер-1994”, “Нагано-1998”, “Солт-Лейк-Сити-2002”, “Турин-2006”, “Ванкувер-2010”, “Сочи-2014”, “Пхёнчхан-2018” ва “Пекин-2022” Олимпиадаларида қатнашган. Қишки Олимпиадалар тарихида терма жамоамиз аъзолари томонидан 1 та олтин медаль қўлга киритилган. У ҳам бўлса, 1994 йил Лина Черязова Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳрида фристайлнинг акробатика йўналиши бўйича қишки Олимпия ўйинлари шоҳсупасига кўтарилган. Ушбу медаль мустақил Ўзбекистоннинг Олимпиадалардаги илк олтини сифатида тарихга кирган.

Ўзбекистон делегациясининг ёзги Олимпия ўйинларидаги иштироки доимо зафарли бўлган. Жумладан, 1996 йил Атлантада ўтган ёзги Олимпия ўйинларида спортчиларимиз биттадан кумуш ва бронза медали, 2000 йил Сиднейда битта олтин, битта кумуш ва иккита бронза, 2004 йилги Афина Олимпиадасида икки нафар спортчимиз олтин, бир нафари кумуш, уч нафари бронза, 2008 йилги Пекин Олимпиадасида 1 олтин, 2 кумуш, 3 бронза, 2012 йилги Лондон Олимпиадасида битта олтин, иккита бронза медалини қўлга киритган. “Рио – 2016”да 4 олтин, 2 кумуш, 7 бронзага сазовор бўлган олимпиячиларимиз Токио Олимпиадасида 3 олтин ва 2 бронза соҳиби бўлди. Бу галги Олимпия ўйинларида эса 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 бронза медалига эга бўлди.

Шуни таъкидлашимиз лозимки, ўтган йил Париж шаҳрида ўтказилган ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларида Диёра Келдиёрова олтин медални қўлга киритиб, дзюдо спорти тарихида янги саҳифа очгани, таэквондо WT бўйича аёллар ўртасида Светлана Осипова кумуш медалга сазовор бўлиши, боксчиларимиз Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, таэквондочимиз Улуғбек Рашитов фаолиятида иккинчи маротаба Олимпиада чемпионлиги шоҳсупасига кўтарилиши мамлакатимиз спортининг янги зарварағи битилишини таъминлади.

Ҳа, қисқа қилиб айтганда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан спортни янада оммалаштириш ва ёшларимизнинг Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турларига бўлган қизиқишларини ошириш, ушбу спорт турлари билан шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилмоқда. Умид қиламизки, бу каби самарали ишлар натижасида тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаларида ғалабаларимиз сони бугунгидан кўра кўпаяди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА