Энг кучли боксчилар Тошкентда аниқланади

193

Пойтахтимиздаги Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бокс бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтади.

Миллий олимпия қўмитасида “Battles of the champions” номи остида ўтказиладиган мазкур мусобақа олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда федерация бош котиби Шоҳид Тиллабоев, терма жамоа бош мураббийи Тўлқин Қиличев ҳамда аёллар жамоаси мураббийи Элшод Расулов иштирок этди.

Даставвал, Ш.Тиллабоев мусобақа ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди. Унга кўра, мазкур чемпионат 2024 йил ҳисобидан ўтказилмоқда. Мутахассис буни 2024 йилда кўпроқ эътибор Олимпия ўйинларига пухта ҳозирлик кўришга қаратилгани, йил якунида эса катталар ўртасидаги Осиё чемпионати ташкил этилгани боис асосий ва захира таркиб билан мазкур қитъа биринчилигига тайёргарлик кўрилгани билан ифодалади.

Шунингдек, у таркибнинг IBA ва World Boxing шафеълигидаги мусобақаларга бўлиниши ҳақидаги масалага ҳам ойдинлик киритиб ўтди. Унга кўра, Халқаро олимпия қўмитаси томонидан IBA таснифидаги турнирларда қатнашмаслик бўйича расмий тақиқ қўйилмагани боис боксчиларимиз ҳозирча ҳар икки ташкилот томонидан ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этишлари мумкин.

Терма жамоа бош мураббийи бу гал “Париж-2024” чемпионлари Республика биринчилигида жанг қилмаслиги, шундай бўлса ҳам ички рақобат жуда кучли экани, ҳар бир баҳс шиддатли ва муросасиз руҳда ўтиши ҳақида тўхталиб ўтди. Ўз навбатида, Элшод Расулов мусобақада қатнашувчи боксчи қизлар сони ҳар йилгидан сезиларли даражада ошганини таъкидлади.

Анжуман давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА