Европанинг энг кучли чемпионатларида вазият қандай?

153

Футбол дунёда энг кўп мухлисларга эга бўлган спорт турларидан бири экани сир эмас. Айниқса, Европа мамлакатларининг ички чемпионатларига футбол мухлисларининг қизиқиши катта. Ушбу чемпионатлардаги ҳар бир учрашув муросасиз ва қизиқарли ўтади.

Ўтган ҳафта якунида Европанинг топ-5 чемпионатларида бир қатор қизиқарли баҳслар бўлиб ўтди. Жумладан, Испания Ла Лигасининг 20-туридан ўрин олган “Реал Мадрид” ва “Лас-Пальмас” баҳсида 4:1 ҳисоби қайд этилди. “Леганес” эса “Атлетико Мадрид”ни 1:0 ҳисобида таслим этган бўлса, “Барселона” сафарда “Хетафе” билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди.

Мазкур учрашувлар натижасига кўра, “Қироллик клуби” очколарини 46 тага етказиб олди ва бу орқали “Атлетико Мадрид”ни икки очко орта қолдириб, Ла лига пешқадамига айланди ва “Барселона“ билан орадаги фарқни 7 тага етказди. Ла Лиганинг 21-тур учрашувлари 25-28 январь кунлари бўлиб ўтади.

Англия Премьер лигасининг навбатдаги тур учрашувлари ҳам қизиқарли баҳсларга бой ўтди. АПЛнинг 22-турида “Арсенал” ўз майдонида “Астон Вилла” билан жанговар 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди.

“Ноттингем Форест” эса ўз майдонида “Саутгемптон” устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, “Брентфорд” майдонига сафар қилган “Ливерпуль” 0:2 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. Ўзбек футбол мухлисларининг севимли клубига айланаётган “Манчестер Сити” эса “Ипсвич Таун” дарвозасига олтита жавобсиз гол уриб, муҳим уч очкога эга бўлди ва 38 очко тўплаган ҳолда 4-поғонага кўтарилди.

Мазкур натижадан сўнг “Ливерпуль” 21 учрашувда 50 очко билан карвонбошилик қилишда давом этаётган бўлса, “Арсенал” ва “Ноттингем Форест” 22 та учрашувда бир хил 44 очко жамғариб, голлар нисбатга кўра, 2-3-ўриндан жой олди. 23-тур ўйинлари 25-27 январь кунлари ўтказилади.

Италия “А” сериясининг 21-тури доирасидаги “Аталанта” — “Наполи” ўйини кескин ва муросасиз ўтди. Унда “Наполи” сафарда ўйнаганига қарамасдан 3:2 ҳисобида зафар қучди. “Наполи” 50 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалида биринчи ўринда бормоқда. “Аталанта” эса 43 очко билан учинчи поғонада қолди. “Интер” эса “Эмполи”ни 3:1 ҳисобида таслим қилди ва 47 очко билан иккинчи ўриндан жой олди.

Германия Бундеслигасида кутилганидек, 18-тур якунига кўра Бавария 45 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Амалдаги чемпион “Байер” эса 41 очкони қўлга киритиб, иккинчи ўринга кўтарилган бўлса, “Айнтрахт Ф” жамоаси 36 очко эвазига кучли учликка жойлашди.

Абдуқодир Ҳусановсиз қолган “Ланс” Франция Лига 1 чемпионатида “ПСЖ”га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу ғалаба эвазига “ПСЖ” 46 очко билан етакчиликни мустаҳкамлади. Шунингдек, тур якунларига кўра “Марсель” 37, “Лилль” эса 32 очко билан 2-3 ўринга жойлашди.

Шу тариқа, Европанинг топ-5 чемпионатларида фаворитлар муҳим натижаларни қўлга киритиб, Европа чемпионлар лигасининг навбатдаги турига йўл олди.

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА