Ўзбекистон делегацияси Австриянинг Вена шаҳрида ҳар йили январь ойида ўтказиладиган ва жаҳон туризмининг барча замонавий тенденцияларини ўзида акс эттирадиган энг йирик халқаро сайёҳлик тадбирларидан бири – “Ferien Messe Wien” сайёҳлик кўргазмасида иштирок этмоқда.

Таъкидлаш лозимки, “Ferien Messe Wien” дам олиш ва саёҳат учун халқаро тадбир бўлиб, Австриядаги етакчи туризм кўргазмаси ҳисобланади.

Кўргазмада дунёнинг 80 мамлакатидан 800 дан ортиқ сайёҳлик бизнеси вакиллари қатнашмоқда. Жорий йилда Ўзбекистон делегацияси ҳам ушбу халқаро тадбирда миллий стенд билан иштирок этмоқда. Кўргазма иштирокчилари ва меҳмонларига мамлакатимиз анъаналари, урф-одатлари ва бой маданияти билан яқиндан танишиш имконияти тақдим этилди. Кўргазмада Ўзбекистоннинг иштироки Туризм қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Венадаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Миллий стендда Ўзбекистон делегацияси номидан Туризм қўмитаси ходимлари, “Rocket Uzbekistan”, “Sonder Voyage”, “Global Tour” каби маҳаллий сайёҳлик компаниялари қатнашмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси хорижий ҳамкорлар билан Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини хорижда оммалаштириш ва мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун қатор учрашувлар ўтказмоқда.

Кўргазма доирасида ташриф буюрувчиларга мамлакатнинг ранг-баранг маданий урф-одатлари ва ноёб анъаналарини намойиш этиш кўзда тутилган.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА