Шарқ матбуоти: Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги даври

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан ушбу мамлакатга расмий ташрифини Кўрфаз давлатлари нашрлари мунтазам ёритди. Хусусан, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг SPA ахборот агентлиги, “Ан-Наҳор” нашри, Миср Араб Республикасининг “Эҳром дарвозаси”, “Миср бугун” сайтлари, Бирлашган Араб Амирликларининг WАМ ахборот агентлиги, “Ал-Иттиҳод”, “Ал-Ватан”, “Ал-Халиж”, “Шаржа24” каби қатор нашлари икки давлат раҳбарлари ўзаро дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорликни, жумладан, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инновация, маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантиришга оид муҳим масалаларни муҳокама қилганига эътибор қаратди.
Мақолаларда БАА ва Ўзбекистон етакчилари ўзаро шерикликни чуқурлаштиришга хизмат қиладиган жиҳатларни муҳокама қилгани, шунингдек умумий манфаатларга жавоб берадиган қатор мавзулар юзасидан фикр алмашгани, суҳбат чоғида икки мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш йўлидаги қарашларига ҳамоҳанг қайта тикланадиган энергия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари, иқтисодий, савдо ва сармоявий соҳаларда ҳамкорлик уфқини кенгайтиришнинг истиқболли имкониятлари кўриб чиқилгани таъкидланган.
Нашрлар давлатимиз раҳбарининг Абу-Дабида Вице-президент Шайх Мансур Ол Наҳаён, Дубай шаҳрида Вице-президент, Бош вазир Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан самарали музокара ўтказганига ҳам урғу берган.

Сиёсий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мулоқотни янада ривожлантириш муҳимлиги, иқтисодий ҳамкорликнинг янги модели, жумладан сунъий интеллект, рақамлаштириш, “яшил” энергетика, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм, хусусий бизнес каби 6 та асосий йўналиш белгилаб олингани, ҳар бир устувор соҳа бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этишга келишилгани қайд этилган. Томонлар 2025-2027 йилларни “Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги даври” деб эълон қилиш таклифини қўллаб-қувватлагани эътироф этилган.
Шу маънода, 2030 йилга қадар ўзаро савдо ҳажмини 10 баробарга кўпайтириш ва инвестиция портфелини 50 миллиард долларга етказишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш асосий вазифа этиб белгилангани диққатга сазовор.

Ўзбекистон етакчисининг БААга расмий ташрифи тафсилотларини ёритишда Кўрфаз Араб давлатлари журналистлари томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги доирасида ҳам қатор муҳим учрашувлар ўтказгани, мулоқотлар давомида юртимиз учун аҳамиятли муҳим ҳужжатлар имзолангани, маданий-гуманитар алмашинув кўламини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланган.
Сўнгги йилларда товар айирбошлаш ва ўзаро инвестиция ҳажми, қўшма корхоналар сони бир неча баробар ошгани, тўғридан-тўғри ҳаво қатнови кўпайиб, визасиз тартиб жорий қилингани ҳам назардан четда қолмаган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА