Мaҳсулот етиштириш ҳажми ортади

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Aқчакўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Aқчакўлчи Рейимберган” фермер хўжалигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва ижросига бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И.Эргашев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Ш.Тешаев, Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бошлиғи Р.Шербаев, қишлоқ хўжалигига тегишли ташкилотлар ва фермер хўжалик раҳбарлари қатнашди.

Таъкидланганидек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четлари ҳамда каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини самарали ташкил қилиш ва кўпайтириш орқали мамлакатнинг экспорт кўрсаткичларини оширишда мазкур қарор муҳим аҳамият касб этади.
Далалар четларидан самарали фойдаланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун ички фитосанитар сертификати бепул берилади. Шунингдек, етиштирилган маҳсулотни экспортга юбориш вазифалари юкланади. Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан далалар четларига “in-vitro” усулида экилган мевали кўчатлар пайвандтагларини харид қилиш харажатларининг 50 фоизи миқдорида, бироқ ҳар бир мевали кўчат пайвандтаги учун 25 минг сўмдан ошмаган миқдорда субсидия ажратилади.

Мазкур қарор билан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори бошчилигида дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг атрофларидаги майдонларда, аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди ҳамда маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини ташкил қилишни мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Элликқалъа тумани бўйича дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг атрофларидаги майдонларда, аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди ҳамда маҳалланинг ички кўчаларидаги ер майдонлари ўрганилиб, аниқ ўлчамлари тасдиқланади. Туманда 2025 йилда дала четларидаги майдонларга, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларга экспортбоп экинлар, мевали дарахтлардан олча, олхўри, беҳи, узум, бодом, чилон жийда, тут сингари кўчатларни экиш белгиланди.
Шу мавзудаги кўргазмали семинар Оролбўйининг бошқа туманларида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири