Оила яраштирилди

161

Мажбурий ижро бюронинг Амударё туман бўлими ходимлари маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда оилаларни асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида биргина ўтган йили жами 2 минг 709 оиланинг яраштирилишига эришилди.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туман судининг 2024 йил 26 декабрдаги буйруғи асосида Р.А.нинг фойдасига унинг тарбиясидаги бир нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун қарздор С.А.нинг ҳар ойдаги жами даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Ушбу суд буйруғи асосида Мажбурий ижро бюроси Амударё туман бўлими давлат ижрочиси томонидан ижро иши қўзғатилди ва бу ҳақида қарздор яшайдиган ҳудуддаги овул фуқаролар йиғини раиси хабардор қилинди.

Бўлим давлат ижрочиси ва маҳалла раиси билан биргаликда ажрашган оилани яраштириш мақсадида қарздор ва ундирувчига тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунинг натижасида улар Бюронинг Амударё туман бўлимига келиб, ҳозирги кунда бирга яшаётганлигини билдирди ва алимент ундириш ҳақидаги суд қарори ижросини тугатишни сўраб илтимоснома берди. Натижада ажрим ёқасига келиб қолган оила яраштирилди ва вояга етмаган фарзанд тўлақонли оилавий муҳитда вояга етадиган бўлди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири