Равон йўллар Европага элтади

136

Халқаро аҳамиятга эга А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг Амударё тумани ҳудудидан ўтувчи 723-738 километр қисми реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, йиғилганларни халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.

Таъкидланганидек сўнгги йиллари давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан халқаро талабларга жавоб берадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш ҳамда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йилнинг февраль ойида Амударё устида Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган янги кўприк очилиши, октябрь ойида Қўнғирот – Бейнеу автомобиль йўлининг янгидан қурилган 240 километр қисмининг фойдаланишга топширилиши бунинг яққол исботидир. Бу йўл мамлакатимизни Европа давлатлари билан боғлайдиган стратегик автомагистрал ҳисобланади.

Тадбир якунида йўл хўжалиги соҳаси ходимларига янги юк автотранспортлари ва махсус техникалар топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири