Юксак ғурур ва садоқат тимсоли (+видео)

201

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбоев сўзга чиқиб, барчани Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, бу йилги байрам тадбирлари “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, юксак ғурур ва садоқат тимсоли!” шиори остида бутун мамлакатимиз бўйлаб кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Дарҳақиқат, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровон ҳаётини таъминлашда тинчлик ва барқарорликнинг тутган ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳар томонлама тараққиётга мустаҳкам пойдевор бўладиган қудратли Армиямиз шаклланди ва у аскарларимизнинг жанговар тайёргарлиги, тафаккури ва жисмоний тайёргарлиги, уларнинг юксак билими, замонавий техника воситаларини пухта ўзлаштириши билан ажралиб, кўпмиллатли халқимизнинг ишончли қўрғонига айланмоқда.

Албатта, бундай ишончли армияни шакллантиришда ҳарбий соҳани ислоҳ қилиш ва модернизациялаш бўйича чуқур ўйланган чора-тадбирлар амалга оширилаётгани муҳим ўрин эгаллайди. Чунки жаҳонда янгиланаётган Ўзбекистон сифатида тан олинаётган мамлакатимизда Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти, қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги ва қобилияти йилдан-йилга ортиб бораётгани, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш тизими йўлга қўйилгани, энг муҳими, ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани, буларнинг барчаси миллий армиямиз қудратининг тобора мустаҳкамланиб бораётганининг муҳим омили ҳисобланади.

Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, миллий армиямиз қудратига куч қўшадиган аскарларимизнинг маънавий тайёргарлиги уларга яратиб берилаётган шароитлар билан чамбарчас боғлиқ. Айнан шу мақсадда сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб бормоқда. Бунинг амалий ифодаси сифатида ўтган йили ҳарбий-маъмурий сектор фаолиятини ривожлантириш мақсадида маҳаллий бюджетдан 63 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилгани сўзимизга мисол бўлади.

Шунингдек, якунланган йилда ҳарбий хизматчилар учун янги қуриб битказилган уйлардан 60 та хонадон топширилган бўлса, 7 миллиард сўм маблағ эвазига Мудофаа ишлари бошқармасининг маъмурий биноси янгидан қуриб битказилди. Бундан ташқари, 25 миллиард сўм маблағ эвазига қуриб битказилган 75 хонадонли, 5 қаватли уйни ҳам яқин кунларда ўз эгаларига топшириш режалаштирилмоқда.

Байрам муносабати билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Санъат усталарининг концерт дастури иштирокчиларга намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА