Футзал: Осиё чемпионатига қайси жамоалар йўл олди?

181

Футзал бўйича аёллар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш босқичи баҳслари ўз якунига етди.

Мазкур саралашнинг Таиланд мезбонлигида ўтган “A” гуруҳи баҳсларида мезбонлар 12 очко билан пешқадамга айланди. Баҳрайн эса 7 очко билан иккинчи ўриндан жой олган бўлса, Фаластин ва Ироқ 4 очко билан 3-4 поғонада қолди. Ливан эса 1 очко жамғариб, сўнгги ўринда қайд этилди.

“B” гуруҳи учрашувлари эса Индонезияда ўтди. Унда кутилганидек Индонезия 9 очко билан биринчи ўринда саралаш баҳсларини якунлади. Ҳонгконг эса 6 очко билан иккинчи бўлди. Қирғизистон термаси 3 очко эвазига кучли учликдан ўрин эгаллади. Ҳиндистон барча учрашувларда мағлуб бўлди. Гуруҳдан жой олган Покистон термаси саралаш беллашувларида иштирок этмасликка қарор қилди.

Саралаш баҳсларининг биз учун аҳамиятлиси “С” гуруҳида ўтказилган учрашувлар бўлди. Ушбу гуруҳдаги ўйинларга Тошкент шаҳридаги “Юнусобод“ спорт мажмуаси мезбонлик қилди. Унда Австралия терма жамоаси 12 очко жамғариб, биринчи ўринни эгаллади.

Фаррух Зокиров бошчилигидаги футзалчиларимиз эса 7 очко тўплаган ҳолда иккинчи ўринга жойлашди. Филиппин эса 7 очко жамғарган бўлсада, голлар нисбатига кўра учинчи ўринда қолди. Туркманистон 3 очко билан, Қувайт эса очкосиз 4-5-поғоналарда қайд этилди.

Саралаш беллашувларининг “D” гуруҳида тўрт терма жамоа ўзаро рақобатлашди. Ушбу учрашувлар Мьянма давлатида ўтди. Гуруҳда Вьетнам ва Хитой Тайпейи терма жамоалари бир хил 7 очко тўплади. Бироқ вьетнамлик футзалчилар голлар нисбатига кўра гуруҳ етакчисига айланди. Мезбонлар эса 3 очко билан учинчи ўринда қолди. Макао эса ўз дарвозасидан 51 маротаба тўп олиб чиққан ҳолда саралаш баҳсларида энг ёмон натижа қайд этди.

Бу галги саралаш баҳсларида ҳамюртимиз Мафтуна Шокирова 8 та голга муаллифлик қилди ва тўпурарга айланди. Уни австралиялик Никита Фаззари, Ҳонгконг терма жамоаси аъзоси Ки Вай Чеунг ва таиландлик Аррия Саетоен 5 та гол билан таъқиб этди.

Шу тариқа, 2025 йилнинг 7–18 май кунлари Хитойда футзал бўйича Осиё кубоги финал босқичида иштирок этадиган барча жамоалар номи аниқ бўлди.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, қитъа биринчилигига Хитой мезбон сифатида, Эрон амалдаги чемпион, Япония эса вице-чемпион бўлгани боис тўғридан-тўғри иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Саралаш баҳсларида Таиланд, Баҳрайн, Индонезия, Ҳонгконг, Австралия, Ўзбекистон, Вьетнам, Хитой Тайпейи терма жамоалари гуруҳ ғолиби ва иккинчи ўрин соҳиби бўлган ҳолда Осиё кубогида иштирок этадиган бўлди. Ушбу саралаш босқичида Филиппин энг яхши учинчи ўрин бўлган жамоа сифатида қатнашади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА