Бокс: 2024 йилги Ўзбекистон чемпионати нега 2025 йилда ўтказилмоқда? (+видео)

295

Ортда қолган Олимпия йилини муваффақиятли якунлаган мамлакатимиз боксчилари жорий йилнинг илк ойида кечиктириб ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионатида рингга кўтарилади.

Қизиғи, 2024 йилги мамлакат чемпионати жорий йилнинг 21-28 январь кунлари ташкил этилади.

Айни кунларда Ўзбекистон бокс федерацияси вакиллари мазкур чемпионатни юқори савияда ўтказиш борасидаги ташкилий ишларни амалга оширмоқда.

Чемпионатнинг саралаш баҳслари 21-28 январь кунлари пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг бокс залида бўлиб ўтса, ярим финал ва финал жанглари 26-28 январь кунлари Renesans Hall биносида ўтказилиши режалаштирилган.

Хўш, 2024 йилги Ўзбекистон чемпионати 2025 йилнинг илк ойида ўтишига нима сабаб бўлди? Бундай вазиятда 2025 йилги мамлакат чемпионати қачон ва қандай тартибда бўлиб ўтади? Доимгидек, мамлакат чемпионатининг асосий баҳсларини Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларини бошқарган хорижлик ҳакамлар бошқариб борадими? Мусобақаларда яна қандай шов-шувли воқеликлар кузатилади?

Бундан ташқари, боксчиларимизнинг “Лос-Анжелес-2028” Олимпиадасига тайёргарлиги, Халқаро бокс ассоциацияси ва Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тан олинган Бутунжаҳон бокс ташкилотлари билан муносабатлари қай тартибда олиб борилмоқда? 2025 йилги жаҳон ва қитъа чемпионатларидаги иштирокимиз қандай бўлади?

Баҳодир Жалолов номидаги ихтисослаштирилган бокс мактабида Тўлқин Қиличев бош мураббийлигидаги мамлакат эркаклар терма жамоаси машғулотларини, қизиқарли назорат жангларини кузатиш асносида Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабоев билан шу ҳақда суҳбатлашдик. 

Ҳақиқатан, 2024 йил юртимиз чарм қўлқоп усталари учун ҳар жиҳатдан сермаҳсул бўлди. Йил давомида турли ёш тоифаларидаги боксчиларимиз 20 дан зиёд халқаро турнирлар, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ўйинларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб, олтин медаллар сонини 100 тадан оширди.

Бу ғалабалар туфайли Франция, Сербия, Болгария, Испания, Россия, Руминия, Қозоғистон, Озарбайжон, Венгрия, Таиланд каби ўнлаб давлатларда Ўзбекистон мадҳияси баралла янграб, байроғимиз сарбаланд бўлди. Халқимизнинг ғурур-ифтихори юксалди.

“Париж-2024” Олимпиадасидаги тарихий ғалаба(5 та олтин) ортидан хориж давлатларида ўзбекистонлик бокс мураббийларига бўлган талаб ортди.

Машғулотларни кузатиш жараёнида Туркия бокс федерацияси вакиллари боксчиларимиз ҳамда уларнинг мураббийлари ҳаракатларини диққат билан ўрганаётганига гувоҳ бўлдик.

Туркия бокс федерацияси бош директорининг билдиришича, улар Ўзбекистон бокс федерацияси билан 2 нафар мураббийни Туркия давлатига ишга таклиф қилиш борасида музокаралар олиб бормоқда.

Шунингдек, қўшни Қирғиз Республикаси вакиллари ҳам терма жамоамиз машғулотларида спортчилар билан бирга қатнашаётганидан мамнунлигини, юртимизнинг енгилмас боксчиларидан ўрганадиган жиҳатлар кўплигини билдирди.

Дарҳақиқат шундай. Бугун дунё терма жамоалари орасида етакчи ўринга кўтарилиб олган ўзбек бокс мактаби ўз мавқени янада мустаҳкамлаш йўлида ташланаётган ишончли қадамлар янги ғалабалар пойдевори бўлиб хизмат қилишини истаб қоламиз.

Т.Рўзиев, А.Содиқов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА