Дзюдо: “Paris Grand Slam” мусобақасида 3 нафар спортчимиз қатнашади

Шу кунларда Австриянинг Миттерзил шаҳрида энг катта халқаро ўқув-машғулот йиғинида қатнашаётган 44 та давлатнинг етакчи спортчилари 1-2-февраль кунлари “Paris Grand Slam” мусобақасида иштирок этиши кутилмоқда.
Дунёнинг 50 га яқин мамлакатидан 250 нафардан ортиқ спортчиси иштирок этадиган мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар спортчиси юртимиз шарафини ҳимоя қилиши белгиланди.
Мамлакатимиз дзюдо федерацияси маълумотига кўра, ушбу нуфузли турнирда терма жамоамиз аъзоларидан Баҳром Ботуров -60 килограммда, Шаҳрам Аҳадов -73 килограммда, Ўткирбек Тўрабоев +100 килограмм вазнда медаллар учун кураш олиб бориши тасдиқланди.
Йилнинг илк нуфузли мусобақасининг ўзига хос жиҳати, “Paris Grand Slam” турнири давомида 2024 йилнинг энг яхшилари эълон қилинади.
Эътиборли жиҳати, номзодлар орасида «Париж-2024» олимпиадаси ғолиби Диёра Кедиёрова, терма жамоамизда фаолият олиб борган германиялик мураббий Марко Шпитка, маҳоратли спортчимиз Муҳаммад Жумаев бор. Уларнинг ҳар бири тегишли номинациялар бўйича номзод сифатида кўрсатилган.
Т.Рўзиев, ЎзА