Футбол: Элдор Шомуродов Европанинг қайси жамоасида ўз ўрнини топади?

335

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг умидли футболчиси Абдуқодир Ҳусанов шов-шувли тарзда «Манчестер Сити» жамоасидан жой олаётган бир паллада терма жамоамиз сардори Элдор Шомуродовнинг қайси жамоага ўтиши масаласи Европа ва ўзбек матбуотида бот-бот тилга олинмоқда.

Хўш, Элдор Шомуродов 2025 йилги қишки трансферлар йўлагида «қизил чироқ»лар ёнгунга қадар Европанинг қайси жамоасида ўз ўрнини топади?

Айни пайтда Италиянинг «Рома» футбол клубида машғулотларда иштирок этаётган Шомуродов хусусида Италия матбуоти уни ўз сафида кўришга тайёр клублар етарли экани борасида бир қатор чиқишларни амалга оширди. Уларга кўра, 29 ёшли ҳужумчига «Эмполи», «Кальяри», «Венеция» ва «Парма» каби клублар қизиқмоқда. Улар «Рома»дан Элдор Шомуродовни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага беришни сўрамоқда. Рим клуби спорт директори Флориан Гисольфи Элдор Шомуродов масаласида «Кальяри» ва «Эмполи»нинг «Рома» раҳбариятига маъқул келадиган якуний таклифларини кутишга қарор қилган.

Бу шуни англатадики, Элдор Шомуродовнинг айнан қайси клубга ўтиши ҳали аниқ эмаслигидан, у мавсумни «Рома»да якунлаши ҳақиқатга яқиндек, назаримизда.

Т.Рўзиев, ЎзА