U20 ва U17 ёш тоифасидаги терма жамоаларимизни жиддий рақиблар кутмоқда

309

Хабарингиз бор жорий йилги мавсумда футбол бўйича турли ёш тоифаларида муҳим мусобақалар ўтказилади ва уларда Ўзбекистон терма жамоалари ҳам иштирок этади. Ушбу масъулиятли мавсумга пухта тайёргарлик кўраётган U20 ва U17 ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз халқаро ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этмоқда.

Жумладан, 12 февраль – 1 март кунлари Хитойда ўтказиладиган U20 ёш тоифасидаги Осиё кубогига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳозирда Қатарда навбатдаги йиғинини ўтказмоқда. Жамоамиз йиғин доирасида 17 январь куни Сурия термаси билан, 22 январда эса Қатар терма жамоаси билан назорат ўйинларида майдонга тушади.

U17 ёшли футболчилар ўртасида жорий йилнинг 3-20 апрель кунлари Саудия Арабистонида ташкил этиладиган Осиё кубогига тайёргарликни давом эттираётган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси учун 21–31 январь кунлари Жидда шаҳрида йиғин ташкил этилади. Ислом Исмоилов бошқарувидаги жамоамиз йиғин доирасида 26-29 январь кунлари Саудия Арабистони ўсмирлар термасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА